Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов бошчилигидаги Ишчи гуруҳининг вилоятдаги хусусий сектор раҳбарлари билан мулоқоти бўлиб ўтди. Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов очди ва олиб борди.
Амрилло Иноятов шу йилнинг 18 март куни Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтган учрашувда сўзлаган нутқида белгилаб берилган устувор вазифаларга эътиборни қаратди. Шунингдек, нотиқ тиббиётда хусусий секторни ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, маркетинг ва менежмент хизмати, давлат томонидан жорий қилинган имтиёзлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди. Нодавлат сектор вакилларининг муаммолари, таклиф ва ташаббуслари билан қизиқди.
Вазир ўринбосари Улуғбек Собиров эса лицензиялаш, аккредитациялаш ҳамда тиббий туризмни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар бўйича маслаҳат ва тавсияларини берди.
Ҳозирда Республика ҳамда вилоятмиздаги ихтисослашган марказларнинг таниқли олимлари, шифокорлар хонадонма-хонадон юриб, тиббий хизматга ва мураккаб жарроҳлик амалиётига муҳтож беморларни саралашяпти. Уларни туман, вилоят ва республика шифохоналарида соғломлаштириш чора-тадбирлари кўрилаётгани айтилиб, бу хайрли тадбирда нодавлат тиббиёт муассасалари ҳам фаол иштирок этишга чорланди.
"Ойдин шифо" МЧЖ бош врачи Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев, "DOKTOR VIZION" хусусий корхонаси бош врачи Муҳаммаджон Қаюмов, "СТОМАТОЛОГ" МЧЖ раҳбари Маҳмуджон Раҳимов ва бошқа хусусий тадбиркорлар фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва ташаббусларини билдирдилар.
- "DOKTOR VIZION" шифо масканимизда Республика ихтисослашган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказининг таниқли мутахассислари билан ҳамкорликда олиб борган мураккаб жарроҳлик амалиётларимиз туфайли тўрт нафар ночор, кам таъминланган беморнинг кўзлари дунёни янада ёрқин кўра бошлади. Қолаверса, соғломлаштириш тадбирларида ҳар бир тумандан 5 нафар беморда ўтказиладиган жарроҳлик амалиётини бепул бажаришни режалаштирганмиз. Шунингдек, тиббий маслаҳат марказимиз ҳам бепул офтольмологик ёрдам кўрсатишга шай. Вилоятимиз аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлаш учун хусусий корхонамиз ҳисобидан 225 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади, - деди Муҳаммаджон Қаюмов.
Мулоқот якунида Амрилло Иноятов таклифи билан "DOKTOR VIZION" хусусий корхонаси бош врачи Муҳаммаджон Қаюмов "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонига тавсия қилинди.
Манзура ЭРГАШЕВА.