Наврўз миллий қадрият, эгулик ва нафосат айёми. Байрам асносида барчага бирдек кўтаринки кайфият, баҳорий жўшқинлик ҳамда яшаш завқини улаша олиш ҳам эзгу фазилатлардан ҳисобланади. Шу боис, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ташаббуси билан хайрли тадбир ташкилланди.

Тадбир вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, ички ишлар ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилди.

Яхши биламизки, ОИВ инфекцияси юқиш хавфи юқори бўлган гуруҳлар - мигрантлар, шифохоналарда даволанаётган ОИВга клиник кўрсатмаси бўлган беморлардир. Ушбу акция касалликни эрта аниқлаш, ўз вақтида даво чораларини кўриш ҳамда оналар ва болаларга юқишининг олдини олишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этди. ОИВ инфекцияси эпидемиясига барҳам беришга қаратилган "90x90x90" тамойили асосида ўтказилгани билан муваффақиятли кечди.

Жойларда аҳоли саломатлиги учун олиб бораётган мана шундай тадбирларимиз соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилгандир. Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорлари билан тасдиқланган Давлат дастурларининг ижросини таъминлашда яна бир эътиборли қадам бўлмоқда. Чунки акция давомида вилоят бўйича жами 43 мингдан ортиқ кишидан ОИВ инфекциясига қон намуналари олинди.

Вилоятимиз аҳолиси, айниқса олис, чекка ҳудудларда яшовчи фуқаролар ўртасида ОИВ инфекцияси юқиш хавфи юқори бўлган гуруҳлар - мигрантлар, маиший хизмат кўрсатиш ходимлари ўртасида икки ҳафта профилактик тарғибот ва ташвиқот ўтказилди. Уларга буклетлар тарқатилиб, кўргазмалар ташкил этилди. Масалан, Учқўрғон туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими ва тиббиёт бирлашмасида, Уйчи туманидаги Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғинида, кўп тармоқли марказий поликлиникада, Чортоқ туманидаги Ҳазратишоҳ ҳамда Боғистон оилавий шифокорлик пунктида, 20, 29, 30, 37-умумтаълим мактабларидаги тадбирларда айниқса кўпчилик иштирокига эришилди.

Мингбулоқ, Поп ва Янгиқўрғон туманлари, Наманган шаҳридаги Давлатобод туманида ҳам акция доирасида кенг қамровли, таъсирчан тадбирлар ўтказилди. Уларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга бағишланган буклетлар ёшу кексаларга тарқатилди.

Аъзамжон РАҲИМОВ,

вилоят ОИТСга қарши

кураш маркази бош врачи.