Вилоятимизда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган анжуманлар бўлиб ўтди.

Тадбирга шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосарлари, координаторлар, бош педиатрлар, бош акушер-гинекологлар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктлари мудирлари, бош ҳамширалар ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўлимлари раҳбарлари таклиф этилди. Услубий анжуманнинг РШТЁИМ Наманган филиалида кечган қисмида Андижон ва Фарғона вилоятлари соғ­лиқни сақлаш бошқармалари вакиллари ҳам қатнашдилар.

Республика Ишчи гуруҳи аъзоси, Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази раҳбари Барно Одилова кириш сўзида Президентимизнинг шу йил 18 мартда соғлиқни сақлаш ходимлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувида белгилаб берилган устувор йўналишларга, хусусан, тиббиётнинг бирламчи бўғини фаолиятини тубдан такомилаштириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган ишларга эътиборни қаратди. Слайдлар воситасида изоҳланган маърузада соҳадаги долзарб вазифалар кўрсатиб ўтилиб, тавсиявий йўл - йўриқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходими Раъно Ҳайитбоева, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг ўринбосари Севара Сирожиддинова ва РШТЁИМ Наманган филиали бош ҳамшираси Райҳона Мансуроваларнинг чиқишларида оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизматни янада яхшилаш, эндокринологик касалликларнинг олдини олиш мақсадида скрининглар ўтказишнинг замонавий усуллари, универсал-прогрессив патронаж фаолиятини ташкиллашнинг ўзига хос жиҳатлари атрофлича тушунтирилди.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов бирламчи тизим мутасаддилари ўз фаолиятларини тубдан яхшилашга шахсан масъул эканлиги, соҳада кечаётган янгиланишлар натижаси КТМП, оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктлари ишидаги ўзгаришларда яққол намоён бўлиши зарурлигини яна бир бор таъкидлади.

Чиндан ҳам қуйи бўғин одамлар дардига дармон бўладиган масканларга айлантирилмас экан, тиббий хизмат кўрсатиш даражасини юксалтиришда кескин бурилиш ясалишини тасаввур этиш қийин. Анжуман қатнашчилари бу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда ўз жамоаларида амалий ишга астойдил киришадилар, деган умиддамиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ.