САЛОМАТЛИК АКЦИЯСИ
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиев бошчилигидаги бир гуруҳ шифокорларнинг кутилмаганда хонадонига ташриф буюриши ёрқўрғонлик Орифжон аканинг тушига ҳам кирмаган эди. Нажоткор-шифокорларни кўриб, отахоннинг беихтиёр кўзлари ёшланди.
Ахир ёлғизгина ўғли Ботирали соғлом, исми-жисмига монанд йигит эди. У автоавария оқибатида тўшакка михланиб қолган. Ўзгалар қаровига муҳтож. На туради, на юради, на гапира олади...
- Ҳеч кимнинг боласи бу кўйга тушмасин экан, - дейди Орифжон ака. - Тўрт йилдан буён шифокорлар бизнинг нажот фаришталаримизга айланган. Умидимиз ёлғизгина Яратганнинг ўзи ва оқ либосли халоскорлардан. Ўғлимда бир йил мобайнида ҳаракат сезилмади. Қўл-оёғига игна тиқса ҳам билинмасди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари, келиним Зулҳуморнинг яхши парвариши натижасида ўғлим секин-секин одам танияпти, қўл-оёқлари ҳаракатга келяпти, онги ишлаяпти, гапиришга ҳаракат қиляпти. Қалбимда шундай нидолар борки, уни айтмасам бўлмайди. Бемор фарзандим каби ногирон-хасталарни йўқлайдиган, қўллаб-қуватлайдиган Президентимиз, ҳамиша, керак бўлса туну кун хизматимизга тайёр шифокорлар бор экан, боламнинг соғайиб оёққа туришига, зеҳни, ақл-идроки аввалги ҳолатига қайтишига умидим, ишончим ортяпти...
Биз ҳам Ботиралининг ҳол-аҳволини яқиндан билиш учун вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг даволовчи врачи Илҳомжон Набиев ҳамроҳлигида у ётган палатага кириб бордик.
- Бош мияни ва юрак қон-томир тизими ҳаракат фаолиятини, марказий асаб тизимини озиқлантирувчи дори-дармонлардан муолажалар қилиняпти, - дейди Илҳомжон. - Беморнинг тикланишига вақт керак. Айниқса, парваришловчи сабр, матонатли бўлиши лозим. Бу борада шифокорлардан ҳам кўра кўпроқ турмуш ўртоғининг ҳиссаси катта. Унинг хизмати ҳар қандай таҳсинга сазовор бўлади. Чунки, беморнинг барча ҳаракатларини бажарадиган парваришловчиси...
- Анчадан бери тўшакда ҳеч нимани ҳис қилмай шифтга термулиб ётдилар. На отасини, на онасини, на фарзандларини танийдилар. Энди-энди аҳволлари яхши томонга ўзгаряпти. Бу киши фақат менга ўрганиб қолганлар, мен овқат берсам ейдилар, бўлмасам оч қолса ҳам емайдилар, - дейди турмуш ўртоғи Зулҳумор кўз ёшларини кўрсатмасликка ҳаракат қилиб. - Ўзим ҳам тиббиёт ходимаси эдим. Ҳозирги кунда буларнинг парвариши билан бандман. Вилоятимизда қалбидарё шифокорларимиз кўп экан. Даволанишга келганимиздан буён врачларнинг хонамиздан оёғи узилмаяпти. Айниқса, Алиёр Валижонович вақт топиб келиб, ҳолимиздан хабар оляптилар. Зарур ёрдам кўрсатишяпти, бўлимнинг врачлари ва ҳамширалари, кичик тиббиёт ходимларидан ҳам миннатдормиз. Ҳудудимиздаги 31-оилавий поликлиника мудири Иқболхон Шерматова, оилавий шифокоримиз Жамилахон Насриддинова, патронаж ҳамшира Гулчеҳра Абдуллаева, муолажа ҳамшираси Насиба Қаюмоваларга мингдан-минг раҳматлар айтамиз...
Мен Ботиралини ўнг қўли кўксида чап қўли билан осмонни кўрсатиб "раҳмат, раҳмат" деяётганига бироз тушунолмай турдим. Зулҳумор унинг бу ҳаракатларини изоҳлаб берди: "Уйимизга бориб, шифохонага олиб келган бошлиқларга, врачларга раҳмат-раҳмат деяптилар..."
Дарҳақиқат, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан вилоятимизда ўтказилаётган саломатлик акцияси иштирокчилари ёрқўрғонлик Раҳимовлар хонадонига ҳам нажотбахш умидлар олиб киргани чин бўлсин.
Манзура ЭРГАШЕВА.