Семинар аввалида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хусусийлаштириш ва пуллик хизмат бўлими раҳбари Ҳошимжон Асқаров Ўзбекистон Республикаси Президентининг хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштиришга оид Қарорлари ва вазирликнинг тегишли буйруқлари ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларни таҳлил этди. Маърузачининг таъкидлашича, тиббиёт муассасаларида беморлар ва уларнинг яқинларига қулайлик яратиш мақсадида хизмат турлари кўпайтирилиб, янгидан-янги имкониятлар вужудга келтирилмоқда. Натижада иқтисодий самарадорлик ҳам ўсяпти. Бироқ муассасаларнинг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиш даражаси ҳали ҳам талабга жавоб бермайди. Айниқса, шифохоналардаги сервис хизматлари турини кўпайтириш, сифатини янада яхшилаш зарур.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Толибжон Мамадумаровнинг маърузасида эса пуллик ва сервис хизматлари кўрсатиш орқали муассаса иқтисодий кўрсаткичларини кўтариш омиллари изоҳлаб берилди.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, янги сервис хизматларини ишга солиш ва тежамкорликни кучайтириш ютуқлар гарови эканлиги таъкидланди. Электр энергияси ва бошқа тармоқларга сарфланаётган беҳуда ҳаражатларни қисқартириш натижасида тежалган маблағ ҳисобига янги "Дамас" автомашинаси сотиб олиниб, аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни йўлга қўйиш режалаштирилаётганлиги эътиборга моликдир.
Анжуманнинг кўргазмали қисмида тиббиёт марказининг пуллик хизматга ихтисослашган бўлимларидаги ибратли ишлар билан танишилди. Сервис соҳасини ташкиллашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўрганилди.
- Мазкур муассасадаги намунали фаолият бизда жуда ҳам чуқур таассурот уйғотди, - дейди Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси хусусийлаштириш ва пуллик хизмат бўлими раҳбари Шавкатжон Пўлатов.- Айниқса, шифохонадаги орасталик, кўкаламзорлаштириш беҳад ҳайратлантирди. Пуллик ва сервис хизматларини ташкил этишда ҳам ўрганса арзийдиган тажриба тўпланибди. Бинобарин, доривор гиёҳлар билан даволаш, аэронамизация муолажаси ва бошқа ўндан ортиқ хизмат турлари жорий этилибди. Бу муассаса раҳбариятининг изчил изланишлари самараси, деб ўйлаймиз.
Семинарда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов иштирок этди.