Абдулҳоди ИМИНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.

Бугун мамлакатимиз тиббиёти тарихида унутилмас воқеанинг шоҳиди ва иштирокчиси бўлиб турибмиз. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг раҳнамолигида Ўзбекистон тиббиётида буюк ўзгаришлар жараёни бормоқда, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан. Ўтган беш йил ичида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида мислсиз янгиланишлар юз берди. Буни соҳада кечаётган туб ислоҳотлар тасдиқлаб турибди. Халқимизни тиббий хизматдан рози қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ юртдошларимиз саломатлигини сақлашда улкан ютуқларга эришилмоқда. Илгари беморлар шифокорлар ҳузурига келишган бўлса, бугун саломатлик посбонлари уларнинг уйларига бориб, хонадонбай, манзилли тиббий хизмат кўсатишмоқда. Шу билан бирга соҳа ишини янги босқичга кўтаришга қаратилган зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

"Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун" деган эзгу ғоя асосида юртимиз соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва халқимизга тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, халқимиз учун тақдим қилинди ҳамда очиқ мулоқот жараёнида тиббиёт ходимларининг муносабат, ташаббус ва таклифлари ўрганилди. Унда вилоятимиз соғ­лиқни сақлаш ходимлари ҳам фаол иштирок этдилар. Кўплаб долзарб масалалар кўтарилди, қатор ташаббуслар олға сурилди.

Энди бўлса аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда муҳим давр бошланди. 2022 йил 18 март куни "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Таъкидлаш лозимки, бундай тадбир мамлакатимиз тарихида илк маротаба ўтказилди. Унда соҳани янада ривожлантириш, тизимдаги муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди, тиббиёт ходимларининг таклифлари эшитилди.

Президентимизнинг очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқини тинг­лар эканмиз, ҳали олдимизда жуда катта ва муҳим вазифалар турганлигини янада чуқурроқ ҳис этдик. Фаолиятга танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан ёндошиб, халқимизнинг тиббий хизматдан рози қилиш борасида янада қатъият ва талабчанлик билан ишлашимиз лозимлигини англадик.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида одамлар тиббиёт тизимидан рози бўлиши учун 7 та устувор йўналишни белгилаб берди.Биринчи йўналиш - бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг тармоғини кенгайтириш.Иккинчи йўналиш - тез тиббий ёрдам тизими ривожлантириш. Учинчи йўналиш - тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш. Тўртинчи йўналиш - тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш. Бешинчи йўналиш - соғлиқни сақлаш муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш. Олтинчи йўналиш - соғлом турмуш тарзи орқали, касалликлар профилактикасига эътиборни кучайтириш. Еттинчи йўналиш - касалликларни барвақт олдини олиш.

Умид қиламанки, вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизими ходимлари давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган улуғвор вазифаларни ҳаётга изчил тадбиқ этишда фаоллик намуналарини намоён этиб, халқимизга янада сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишда юқори натижаларни қўлга киритадилар.