"Ўзбекистонда замонавий тиббий технологияларни бош­қариш" ҳамда "Ўзбекистондаги узоқ ва олис жойлашган ҳудудларда телемедицина консультацияларини ривожлантириш" мақсадида Германиянинг Роберт Кох Институти ҳамда "Charite" университет клиникаси иштирокида РШТЁИМ бош клиникаси ҳамда Нукус ва Наманган филиалларида телемедицинани жорий этиш ишларига тамал тоши қўйилди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг амалий ёрдами ҳамда "GIZ"нинг Тошкентдаги офиси амалий кўмаги туфайли тадбиқ қилинмоқда. Лойиҳа доирасида "GIZ" томонидан телемедицина учун асбоб ва ускуналар сотиб олиниши ҳамда Германиядаги ҳамкор ташкилотлар иштирокида маҳаллий мутахассислар учун семинар ва тренинглар ўтказилиши ҳамда ўзбе­кис­тонлик мутахассисларининг Германия етакчи клиникаси бўлмиш "Charite" университет клиникасида малака ошириш имкониятлари кўзда тутилган.

Яқинда ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадида Роберт Кох Институтининг ҳамкор давлатлар дастури координатори Евгения Боклаге, Фрезениус амалиёт фанлари университети профессори Вальтер Филипп, Charite университет клиникасининг анестезиология ва реанимация бўлими етакчи мутахассиси Карен Штайнеке, Ўзбекистондаги GIZ офисининг лойиҳа компоненти менежерлари Елена Мун ва Шерзодбек Инаковлар РШТЁИМ Наманган филиалига ташриф буюришди.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси

Ахборот хизмати.