Вилоят ҳокимлиги соғ­лиқни сақлаш бошқармаси катта мажлислар залида иқтисодий қонунбузилишлар ва коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда тизимдаги барча даволаш-профилактика муассасалари ҳамда тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари иштирок этдилар.

Вазирликнинг вилоятдаги Назорат инспекцияси бошлиғи Неъматжон Қирғизбоев Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Тизимда иқтисодий қонун бузилишлар ва коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги буйруғида белгиланган вазифалар ҳақида маъруза қилди. Баъзи даволаш-профилактика муассасаларида кузатилаётган қонунга зид ҳатти-ҳаракатларга қатъий равишда чек қўйиш ҳақида мулоҳаза юритилди.

Бошқарма ва унинг қуйи тизимларидаги муассасаларда коррупцияга оид жиноятларга ва бюджет маблағларининг талон-тарож қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик, коррупциянинг олдини олиш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари иштирокида семинар машғулотлари, учрашувлар ташкиллаштириш орқали ходимлар ўртасида тушунтириш ишларини ўтказиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Кўрсатилаётган тиббий хизматлари сифати, тиббиёт ходимларининг ноқонуний фаолиятидан огоҳ этувчи "Ишонч телефонлари"дан самарали фойдаланиш, аҳолининг норозилигига сабаб бўлувчи таъмагирлик каби иллатлар ва башқа салбий ҳолатларга барҳам бериш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Йиғилишда вилоят соғ­лиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов сўзга чиқди.