Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда махсус ўқув курси уюштирилди. Мазкур анжуман Президентимизнинг жорий йил 26 январда қабул қилинган "Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкилланди.

Ўқув машғулотлари РШТЁИМ Наманган филиали мажлислар залида олиб борилди. Тингланган маърузалардан бугунги энг долзарб масалалардан бири юрак-қон томир касалликларини барвақт аниқлаш, беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифат даражасини оширишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар алоҳида қайд этилди. 50 дан зиёд кардиологлар, тиббиёт бирлашмалари бош ҳамширалари, патронаж ҳамширалар ҳамда АКТ мутахассислари жалб қилинган тренингда маҳаллий шифокорларга аниқ тушунча ва кўрсатмалар рақамлар орқали изоҳланди. Ҳозирги кунда скрининг текширувлари қониқарсиз ҳолатда экани, бу эса ўз-ўзидан жиддий муаммоларга сабаб бўлиши таъкидланди.

 

Бугунги замонавий тиббиётда даволаш ва диагностика бўйича янги инновацион ғоялар ҳам амалиётга тадбиқ этиб келинмоқда. Семинарда янги мобил илова ҳақида батафсил тушунча берилди. Андироид дастур 40 ёшдан ошган аҳоли ўртасида юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш бўйича скрининг текширув ўтказишда қулайликка эгадир.

Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиев ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ходими, тиббиёт бўйича фалсафа доктори Жамшид Ирисов иштирок этди.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ.