Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилояти Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ДПМлари, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, фаоллар, Кенгаш ва раёсат аъзолари, тегишли мутасадди ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок эдилар.

Дастлаб Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгашининг 2021 йил давомидаги фаолияти якунлари ҳамда 2022 йилдаги устувор вазифалари тўғрисида Кенгаш раиси Аббосхон Мамадалиев ҳисобот берди. Шунингдек, тармоқ тизимида жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар хақида тегишли таклифлар берилди, вазифалар белгиланди.

Тармоқ касаба уюшмасининг вилоят Кенгаши аппарат ходимлари, меҳнат ҳуқуқи инспекторлари, бошланғич касаба уюшма қўмита раислари томонидан 2021 йил давомида режали равишда даволаш-профилактика муассасаларида ишловчи тиббиёт ходимларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоя функ­цияси доирасида ўрганишлар давомида 4523 нафарга яқин ходимларга тегишли имтиёзлар берилмаганлиги аниқланган. Натижада тиббиёт ходимларнинг меҳнат муносабатларидаги ҳуқуқ ва имтиёзлари бузилган.

- Ўрганилган муассасаларда 435 та ҳолат қайд этилган. Шундан 307 таси иш берувчиларга тегишли бўлиб, бу камчиликлар жойида бартараф қилинди, - дейди маърузачи. - Меҳнат қонунчилигининг бузилиши ёки ходимга берилиши лозим бўлган имтиёзларни қўлламаслик натижасида уларга келтирилган зарарни ундириш бўйича иш берувчиларга 37 та ёзма кўсатма, прокуратурага 3 та ва муассасанинг юқори ташкилотига 3 та тақдимнома киритилди.

Шу куни Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгашининг навбатдаги 4-Раё­сат йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Раёсат йиғилиш кун тартибига кўйилган барча масалалар қўриб чиқилди ва тегишлилиги бўйича қарорлар қабул қилинди. Тармоқ касаба уюшмалари томонидан "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ.