24 МАРТ - БУТУНЖАҲОН СИЛГА ҚАРШИ КУРАШ КУНИ

Ҳозирги кунда сил касаллигини даволаш ва ташхисоти бошқа хасталиклар сингари мураккаблашмоқда. Бу - сил микробларининг мутацияларида аввал қўлланилган препаратларга нисбатан чидамлилик пайдо бўлиши ва экологик шароитлар туфайлидир. Беморлардаги қўшимча хасталиклар, сил препаратларини тартибсиз қабул қилиш натижасида силнинг махсус препаратларига чидамли турлари билан касалланиш ортиб бориши ачинарли ҳолатдир. Сил хасталигига эрта ва аниқ ташхис қўйиш, даволашда тўғри йўналиш танлаш ва олиб бориш шифокорлар зиммасидаги муҳим вазифа саналади

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг 2014 йил 24 октябрдаги 383-сонли буйруғида сил хасталиги юзасидан ҳозирги замон талабига мос текширув ва даволаш усуллари кўрсатиб ўтилган. Ушбу буйруққа асосан сил хасталиги бўйича бирламчи даволаш-профилактика муассаларида дастлабки текширувлар ўтказилади. Бу жараён туберкулин синамалар, рентген текширувлари ва балғамини бактералогик текширувларини ўз ичига олади.

Бундан ташқари бирламчи тизимда сил беморларини қувватловчи босқич давоси ўтказилади. Ҳозирда хасталик диагностикасида янги йўналишлар тадбиқ этилмокда. Булар - культурал, малекуляр-генетик ва экспресс усуллардир. Бу текширувлар вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида амалга оширилмоқда.

Ушбу усулда сил микобактериясининг мавжудлиги ва рифампицин препаратига сезувчанлиги 2 соат мобайнида аниқланади. Рифампицинга сезгирликни текширишга сабаб - рифампицин сил хасталигини даволашдаги муҳим ва кенг қўлланиладиган препарат ҳисобланади. Рифампицинга сезгирликни аниқлаш шифокорларга беморга қандай даволаш курси тавсия қилиш зарурлиги ҳақида маълумот беради .

Рифампицинга сезгирлик сақлаган сил беморларига 6-8 ойлик, сезгирлиги йўқ беморларга 18-24 ойдан иборат даволаш курс­лари тавсия қилинади. Белигиланган курс­лар муддати, дори препаратлари сонининг кўплиги, турли аъзоларга ножўя таъсирлари сил хасталиги билан оғриган беморларни даволашда қийинчиликлар туғдирмоқда. Аммо бу тартиб билан даволанилмаса беморлар хасталикдан қутула олмасликларини англамоқ лозим .

Сил касаллигини даволашда кимётера­пия­дан ташқари овқатланиш рационидаги сут, ёғ, тухум, мева-шарбатлар ва фитотерапия ҳам муҳим ўрин тутади. Сил касаллигининг олдини олиш учун ҳар бир инсон турли сурункали касалликлардан, айниқса, шамоллаш, камқонлик, нафас йўллари хасталиги ва бошқа касалликлардан ўз вақтида ва тўлақонли даволанишлари, соғлом турмуш тарзига риоя қилишлари, тиббий кўрикдан мунтазам равишда ўтишлари керак. Зеро, соғлом жамият барпо қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Назира ХОЛМИРЗАЕВА,

Наманган шаҳар силга қарши

курашиш диспансери бўлим мудири,

олий тоифали фтизиатр.