Таҳририятимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди эълон қилган тўртинчи грантлар танловида "Жамиятда соғлом турмуш тарзини тар­ғиб қилиш ва аҳоли соғлигини мус­таҳкамлашда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш" мавзусидаги "Аҳолининг экологик ва тиббий маданиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида соғ­лом турмуш тарзини тарғиб қилишда ОАВ ролини ошириш" номинацияси бў­йича қатнашган. "Соғлом турмуш тарзи - бахтли яшамоқ фарзи" деб номланган ло­йиҳамиз билан ғолибликка эришдик. Жамоат фонди олдиндан ана шу мавзуни танлов тартибига қўйгани қувонарли ҳол. Биз ҳам муҳим аҳамиятга эга мавзуни танлаб, янг­лишмаганимиздан мамнуният ҳиссини туйдик.

Аслида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича етарли тажрибага эгамиз. Ҳозирга қадар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Жаҳон банки, ЮСАИД, Соғлиқни сақлаш вазирликлари уюштирган танловларда 4 марта ғолибликка эришдик. "Матбуот, телевидение ва радио, электрон оммавий ахборот воситаларида тиббий, ижтимоий-гигиеник ва экологик маданиятни тарғиб қилишда тиббиёт ходимларининг ролини кенг ёритиш юзасидан энг яхши журналистик иши учун" танловида бош соврин билан тақдирланганмиз. "ОИВ/ОИТС - касалланишнинг олдини олиш, даволаш ва беморларга қараш" мавзуси бўйича журналистика соҳасидаги энг яхши иш учун йиллик мукофот", "Унни бойитиш бўйича Миллий дастур" ижроси юзасидан Республика танловларида бош совринларни қўлга киритганмиз. Жамоат фонди грант­лар танловида ғолибликка эришилиб, лойиҳа муваффақиятли бажарилган.

Янги лойиҳа бўйича фаолиятимизда эътиборни қатор оғир хасталикларнинг аксариятига асосий сабаб нотўғри турмуш тарзи эканлигига қаратяпмиз. Негаки тўғри овқатланиб, кўпроқ пиёда юрадиган одамлар касалликларга кам учраши халқаро илмий ташкилотлар томонидан исботланган. Бунинг фойдасини янада кенг тарғиб этиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний маш­ғулотларни одамларнинг ҳаёт тарзига айлантириш мақсадида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, туман ҳокими қарори билан ижтимоий ҳимоя­га олинган якка-ёлғиз эҳтиёжманд фуқаролардан 140 нафарини ҳамда фаол нуронийлардан 10 нафарини "Мингбулоқ" газетасига йиллик миқдорда бепул обуна қилиб, хонадонларига етказилишини таъминлаяпмиз.

Газетамизнинг 1 январь сонидан эътиборан "Соғлом турмуш тарзи - бахтли яшамоқ фарзи", "Кўп ва бахтли яшай десангиз..." рукнлари остида мавзуга доир туркум мақолалар ва махсус саҳифаларга кенг ўрин ажратилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Шуҳрат Аҳмедов "Зурриёдингиз соғки, асл давомчингиз бор" сарлавҳали мақоласида оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, аҳоли ре­п­родуктив соғлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши ва камолга етишини таъминлаш ким ва қайси вазифада ишлашимиздан қатъий назар, барчамизнинг буюк мақсад ва муқаддас бурчимиз бўлмоғи шартлиги хусусида батафсил мулоҳаза юритган.

2-вилоят сил касалликлари шифохонаси бош врачи Собиржон Шоматов инсон саломатлигини сақлаш билан боғлиқ бўлган бугунги кўплаб муаммоларга ечим вазифасини бажаришга хизмат қиладиган "Абу Али ибн Синодан етти ўгит"ни газетхонлар эътиборига ҳавола этган. "Парҳездан мўъжиза" сарлавҳали мақоласида эса жисмоний, ақлий ва руҳий ёшариш омиллари ҳақида қимматли фикрларини билдирган. Туман бош кордиолог врачи Жўравой Ариповнинг "Инфаркт­дан сайр қилиб ҳам қутулмоқ мумкин" сарлавҳали мақоласи янада ўқимишли. Саломатлик учун амалга оширилаётган 3000, 5000 қадамлар лойиҳаларининг аҳамиятини шарҳлайди. Мамлакатимизда ташкил этилган "Соғлом турмуш тарзи" платформасидан фойдаланувчилар сафи 600 минг нафардан ошди. Уларга Ҳукуматимиз томонидан 18 миллиард сўм тўланибди. Молия вазирлиги 2022 йилда бу тизимдан фойдаланувчилар кўламини кенгайтириш учун 60 миллиард сўм маблағ ажратганлиги эътиборга молик.

Туман тиббиёт бирлашмаси врачи Оминахон Эргашева "Соғ­лом турмуш тарзи - саломатликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим омили" эканлигини ЖССТ маълумотларига таянган ҳолда исботлаб берган.

У яна бир мақоласида табиий соғ­лом овқатланиш қоидалари хусусида фикр-мулоҳазаларини юритади. 2-мактаб психологи Ҳамрохон Камолованинг "Жиззакилик" сарлавҳали мақоласи эса нотўғри турмуш тарзидан қутулишда ёшларимизга асқотиши табиий.

Соғлом турмуш тарзини нафақат мақолалар, қолаверса, бош­қа жанр­лар орқали ҳам ёритиш мақсадга мувофиқ. Олий тоифали врач-табиб Эргашали Мусаевнинг "Умрни қайтариб бўлмас", "Энг катта бойлик", "Соғ­лиқнинг қадрига ет", "Улуғ неъмат" сарлавҳали шеърлари шу жиҳатдан эътиборга лойиқ. Унинг "Ҳали кўп яшайсиз" деб номланган китоби кўпчиликка манзур бўлган. Лойиҳамиз доирасида яна бир китобини нашрга тайёрлаяпмиз. Қолаверса, бош­қа муаллифларнинг газетамизда ёритилган мақолаларини жамлаган ҳолда китоб ҳолида чоп этиш режалаштирилган.

Яна бир муҳим жиҳат, бу - мактабларнинг 10-синф ўқувчилари ўртасида "Узоқ ва бахтли яшай десангиз..." мавзуида иншолар танловини ўтказаётганимиз. Ғолибларни Конституция кунига бағишлаб туманимизда ўтказиладиган тантанали тадбир куни тақдирлаймиз.

Туманимиздаги сил касалликлари шифохонасида беморлар ойлаб, йиллаб даволанишади. "Ким табиб, бошидан ўтган табиб" деганларидек, дарднинг азоб-уқубатларини, ундан қутулишнинг заҳматларини, касалликка чалинишнинг омилларини яхши билишади улар. Шу боис беморлар ўртасида ҳам энг мазмунли дил кечинмаларини баён этиш бўйича танлов эълон қилдик. Даволанувчилар фикримизга хайрихоҳлик билдирдилар. Ғолибларни 24 март - Бутунжаҳон силга қарши кураш куни шифохонада ўтказиладиган тадбирда тантанали равишда рағбатлантиришга келишиб олганмиз.

Ҳар икки танлов ғолибларининг иншо ва мақолаларини газетамизда ёритилади. Бу лойиҳамиз мазмундорлиги бойиши, соғлом турмуш тарзи ғоялари тарғиботига хизмат қилиши шубҳасиздир.

Мингбулоқ - аграр туман. Аҳоли асосан деҳқончилик, хусусан шоличилик билан шуғулланиши, ерлар заҳкаш ва шўрхоқ бўлганлиги, чекка қишлоқларда тоза ичимлик суви етарли эмаслиги туфайли одамлар ва айниқса, болалар ўртасида гепатит, ўткир ошқозон-ичак касалликлари нисбатан анча кўп. Сифилис ва ўпка сили билан касалланиш миқдори юқори. Йод етишмаслиги билан боғлиқ касалликлар, қандли диа­бет ва қон босимидан азият чекувчилар сони ортиб бормоқда. Булар ҳақида батафсил ёритамиз.

Аҳоли, айниқса, тадбиркорларга чиқиндиларни махсус жойларга тўкиш, болалар ва ўсмирларни фақат қайнатилган сув ичишга одатлантириш каби масалалар устида ҳам ишлаяпмиз.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон саломатлигини асраш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофазалаш, замонавий тиббий ёрдамдан одамлар баҳрамандлигини таъминлашга қаратилган. Халқаро андозалар даражасида тиббий хизмат кўрсатадиган тизимни барпо этиш, хал­қимизни янада соғломлаштириш ва розилигига эришиш билан боғлиқ кўплаб муҳим вазифалар янги Тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган "Инсон қадри учун" деган тамойилнинг асосини ташкил қилмоқда. Биз лойиҳа дои­расида ана шу вазифалар ижросига аҳамият қарат­япмиз.

"Саломатлик - тан ва руҳ соғ­лигидан иборат. Бу иккисидан бири носоғлом бўлса, чинакам мазмундаги саломатлик бўлмайди". Буюк мутафаккиримиз Абу Али ибн Синонинг фалсафаси бу. Инсонни жисмоний соғломлаштириш у қадар мушкул иш эмас. Бироқ, инсонни маънавий соғломлаштириш - жиддий масала. Ҳар биримиз ўзимизни маънавий соғлом қилиш эвазигагина жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришимиз мумкин. Биз ана шуларни чуқур идрок этган ҳолда фаолият юрит­япмиз.

Қосимжон АКБАРОВ,

"Мингбулоқ" газетаси муҳаррири,

"Шуҳрат" медали соҳиби.