Вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан олис қишлоқда ўтказилган "Саломатлик куни" ана шундай шиор остида кечди.

Мингбулоқ туманидаги Ўзгариш қишлоғида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун қатор амалий ишлар қилинмоқда. Бу ерда замонавий лойиҳа асосида қурилган оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилган эди. Яқинда эса ана шу кўркам тиббиёт масканига мамлакатимизнинг, хусусан вилоятимизнинг таниқли ҳамда тажрибали шифокорлари сафарбар этилди. Улар орасида тиббиётчи олимлар ҳам бор эди. Диагностика ва даволашнинг барча ихтисосликлари бўйича юқори малакага эга бўлган мутахассислар кун давомида қишлоқ аҳлини чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва мақсадли скринингдан ўтказишди.

- Қишлоғимизга илгари бу қадар кўп сонли таниқли шифокорлар келишганини эслай олмайман, - дейди меҳнат фахрийси Низомбой ота Камолов. - Давлатимизга минг раҳмат, эл саломатлигини муҳофаза қилишга устувор аҳамият бериляпти. Малакали мутахассисларнинг ҳудудлардаги бу каби фаолияти таҳсинга лойиқ.

Чиндан ҳам "Саломатлик куни"да қишлоқ аҳли фаоллик кўрсатди. Ҳатто, ташриф буюрувчилар кўплигидан оилавий шифокорлик пункти биноси торлик қилиб қолди. Онколог, эндокринолог, кардиолог, акушер-гинеколог, жарроҳлар ва бошқа тор соҳа шифокорлари аҳоли вакилларини бирма-бир қабул қилишди.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази юрак аритмияси бўлими илмий ходими Хусниддин Қўчқоров ва кардиология бўлими шифокори Равшан Ўринбоев иш олиб бораётган хонага кираверишда навбат кутиб турган инсонлар талайгина. Пойтахтдан келган шифокорлар ҳар бир беморнинг қон босимини ўлчаб, тегишли тиббий ҳужжатлардаги ташхислар билан қабулга кирган инсон ҳолатини таққослаб, сўнгра ўз ҳулосаларини баён этишди. Касаллик белгилари кузатилганларга тегишли тавсияларини беришди.

Мақсадли скрининг жараёнига вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг нафақат шифокор-мутахассислари, балки энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари, УТТ, ЭКГ аппаратлари, офтальмобил ва флюоромобиль юборилганлиги эътиборга моликдир. Бу техник қурилмаларни моҳирона ишлатган мутахассислар Маданият, Ўрта қишлоқ, Ўзгариш ва Мулкобод маҳалларидан тиббий кўрикка келганлар саломатлигини мукаммал текшириб, қатор касалликларнинг олдини олишга муваффақ бўлдилар. Бундан ташқари кўчма лаборатория текширувлари натижалари, ОИТС бўйича ихтиёрий тезкор тест синамалари ҳам фуқароларда катта қизиқиш уйғотди.

- Ҳудудимизда 7 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бугунинг ўзида уларнинг минг нафардан зиёди шифокорлар қабулида бўлишди. Шунча одамнинг тиббий текширувдан ўтказишни илгари тасаввур этишнинг ўзи мушкул эди. Вилоятимиз тиббиётининг бор салоҳияти Ўзгариш маҳалласида жамлангандек бўлди, - дейди ОШП мудири Фахриддин Жўраев. - Статистик маълумотларда қайд этилишича, чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва мақсадли скрининг чоғида фуқароларнинг 34 нафарида эндокринологик, 27 нафарида юрак қон-томир, 36 нафарида гинекологик, 35 нафарида неврологик, 10 нафарида онкологик, 24 нафарида офтальмологик, 2 нафарида эса пульмонологик касалликлар эрта босқичда аниқланди. Шу куннинг ўзидаёқ уларни соғломлаштиришга киришилди.

"Саломатлик куни" нафақат тиббий текширувлар олиб борилди, балки тадбир иштирокчиларининг диққат-эътибори соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаолликни оширишга ҳам қаратилди.

Ўрнатилган тарғибот воситалари ва кўргазмаларда, ВССБ бош мутахассиси Дилором Маматхонова ўтказган суҳбатларда, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази вакиллари улашган тар­қатма материалларда ҳам соғ­лиқни сақлашнинг ушбу омилларига урғу берилди.

Тиббий тадбир бағоят кенг қамровли эди. Жумладан, вилоят тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими ходимлари ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжини қондиришга қаратилган хайрли ишларни амалга оширдилар. Вилоят прокуратураси ҳамда туман прокуратураси вакиллари билан касалванд ва эҳтиёжманд кишилар уйларига кирилиб, хастаҳоллар ҳолидан хабар олинди. Ногиронлик аравачалари, ҳасса ва эшитиш воситалари тарқатилди.

- Уйимга келиб, алоҳида ғамхўрлик кўрсатилганидан жуда ҳам хурсандман, - дейди Янги давр кўчасида яшовчи Собира ая Юнусова. - Таниқли шифокор саломатлигимни яхшилаш учун амалий ёрдам берган бўлса, давлатимиз томонидан ногиронлик аравачаси туҳфа этилди.

Ҳа, инсон қадрини улуғлаш сари ташланаётган хайрли қадамлар юртдошларимизнинг узоғини яқин қиляпти, дардига дармон, муаммоларига ечим ато этмоқда. Эл манфаати йўлидаги эзгу ишлар бардавом бўлсин.

Абдулла ҒОЗИЕВ.