Наманган - вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилган тўққизинчи тумандир. Бироқ, тиббиёт соҳасидаги энг кўп камчилик ва нуқсонлар айнан шу ҳудудга тегишли. Бу эътироз Тошбулоқ шаҳарчасидаги туман Маданият марказида бўлган бошқарма тиббиёт ҳайъатининг сайёр йиғилишида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов томонидан билдирилди. Унда туман тиббиёт бирлашмаси, марказий шифохонаси, кўп тармоқли марказий поликлиникаси, оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктлари вакиллари иштирок этишди.

Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиев маъруза қилди. Унинг қайд этишича, туман тиббиёт бирлашмаси тизимли равишда иш ташкил эта олмаяпти. Бунинг натижасида фаолиятнинг барча қирраларида сусткаштликлар кўзга ташланмоқда. Энг ачинарли ҳолат бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ҳукм сурмоқда.

Бирламчи бўғин фаолиятини такомиллаштириш, тиббий хизмат самарадорлигини ошириш энг долзарб вазифага айланган бир пайтда туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси пасайиб бормоқда. Аксинча, мазкур муассаса соҳа ишини ривожлантиришда пешқадам бўлиши зарур эди. Тартиб-интизом мустаҳкам эмаслиги, шифокор ва ҳамшираларнинг зиммадаги вазифага масъулият билан ёндошмаётганлиги кечириб бўлмас ҳолдир. Тиббий ҳужжатларни юритишда кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда. 66 турдаги дори воситалари беморларга етарлича берилмайди.

Бундан ташқари барча муассасалардаги кундузги шифохоналарда касаллик тарихлари тўлдирилмайди. Даволаш стандартларига амал қилинмайди. Шифохона ичи инфекциясининг олдини олишдаги эътиборсизлик, патронаж ҳамширалар фаолиятидаги нуқсонлар маърузада аниқ мисоллар билан, слайд­лар воситасида кўрсатиб ўтилди.

Ҳудудлардаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидаги аҳвол бундан ҳам баттар. 11, 12, 13, 14, 15-оилавий поликлиникалар фаолияти қониқарсиз эканлиги мониторинг чоғида янада равшанлашди. "Бешкапа","Кийковус" ва "Боғишамол" оилавий шифокорлик пунктларида аниқланган камчиликлар ҳам рўйи-рост айтилди.

Оналик ва болалик муҳофазаси бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам талаблар даражасида, деб бўлмайди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, бошқарма бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари в.в.б. Абдумалик Раҳмоновнинг маърузасида бу ҳақда батафсил фикр юритилди.

Ҳайъат йиғилишида шунингдек, аҳолига стационар тиббий хизмат кўрсатишни ҳам янада яхшилаш вазифаси қўйилди. Барча даражадаги мутасаддилардан масъулият талаб этилди.

Энг фаол тиббиёт ходимларидан бир гуруҳи рағбатлантирилди. Жумладан, тез тиббий ёрдам бўлими Гулдиров шохобчаси врачи Муяссар Умарова телевизор, "Боғишамол" оилавий шифокорлик пункти патронаж-ҳамшираси Ҳуснида Каримова ва 12-оилавий поликлиника патронаж-ҳамшираси Нодира Дадабоевалар Artel печи билан тақдирландилар.

Абдулла ҒОЗИЕВ.