Норин тумани ҳокимлиги мажлислар залида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ҳайъатининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзида тиббий хизмат сифати талаблар даражасидан ортда қолаётганлиги туман тиббиёт бирлашма тизимидаги муассасалар жамоаларининг ўта суст фаолияти оқибати эканлигини таъкидлади.
Бу салбий жиҳатлар бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиев ўқиган танқидий-таҳлилий маърузада ўз исботини топди. Нотиқ дастлаб ҳужжатлар ижросини таъминлаш ва кадрлар билан ишлашдаги камчиликларга эътиборни қаратди. Бу борада тизимли иш юритилмаётганлиги танқид остига олинди.
Тиббиёт бирлашмаси доимий фаолиятдаги комиссияси деярли иш олиб бормайди. Талабчанлик ва тартиб-интизом бўшаштириб юборилганлиги камчилик ва нуқсонларнинг юзага келишига имкон яратаётир. Мониторинг чоғида терапия, жарроҳлик, болалар, шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида аниқланган салбий ҳолатлар бундан дарак беради. Туғруқ бўлими хоналари белгиланган даражада иситилмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига ҳам қониқарсиз баҳо берилди. Энг эътирозли ҳолатларга кўп тармоқли марказий поликлиникада йўл қўйилаётганлиги айтилди. Оилавий шифокорлар ўз вазифаларини тўлиқ бажаришмаяпти. Хавф гуруҳига киритилган беморларни соғломлаштириш жараёни тартибга солинмаган, туғиш ёшидаги аёллар тиббий кўриги режаси мавжуд эмас. 66 турдаги дори воситаларидан эса мақсадли фойдаланилмаяпти.
16, 17, 18, 19-оилавий поликлиникалар, "Чўжа", "Учтепа", "Хўжаобод", "Гулистон", "Бодомзор" оилавий шифокорлик пунктларида ҳам қатор камчиликлар мавжудлиги слайдлар воситасида ифодалаб берилди. Чунончи, шифокорларнинг малакаси паст, даволаш-диагностика стандартларига амал қилинмайди, беморларга асосланмаган дори воситалари ёзиб берилади, ҳомиладор аёллар саломатлиги вақтида назоратга олинмайди. Стерилизация ишларида қатъий тартиб ўрнатилмаган. Энг ёмони - эмлаш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Вакциналар беҳуда исроф қилинмоқда.
Туманда педиатрия хизмати кўнгилдагидек эмас. ВБКТТМ бош шифокори, бошқарма бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари в.в.б. Абдумалик Раҳмоновнинг маърузасида ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар мавжудлиги айтилди.
Тиббиёт ҳайъати йиғилишида кўрсатиб ўтилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди. Тиббиёт муассасалари раҳбарларидан масъулият талаб этилди.
Йиғилишда бир гуруҳ фаол саломатлик посбонлари рағбатлантирилди. Жумладан, Кўп тармоқли марказий поликлиника умумий амалиёт шифокори Муҳаббат Фозилова ва 16-оилавий поликлиника оилавий шифокори Ўғилхон Нурматовалар телевизор, 18-оилавий поликлиника дояси Ирода Орипова ва "Хўжабод" оилавий шифокорлик пункти патронаж- ҳамшираси Маҳмуда Зокировалар эса печ билан тақдирланишди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.