Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда тиббиёт ходимларининг беморларга номаъқул муносабатларидан норозилик акс этган мурожаатлар, айрим кимсаларнинг таъмагирлик ва бошқа қонунга зид хатти- ҳаракатлари юзасидан чиқишлар кўпайиб бормоқда. Бундай ҳолат кўнгилларни хира қилади. Ахир тартиб-интизомни мустаҳкамламасдан, ходимларнинг ҳуқуқий билим ва касбий маданиятини оширмасдан туриб соҳа ишини янги босқичга кўтариб бўлмайди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мажлислар залида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида ҳудди шу ҳақда такрор-такрор таъкидланди.

Тадбирга шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари, вилоят даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, уларнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосарлари, бош ҳамширалари, бош ҳисобчилари, муҳандислари ва кадрлар бўйича мутахассислари таклиф этилди.

Йиғилишни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов олиб борди. Унинг кириш сўзида қайд этилганидек, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва даражасини ошириш ғоят долзарб вазифа бўлиб турган бир пайтда тизим ишида кузатилаётган салбий ҳолатлар олдинга қараб ҳаракатланишга жиддий ғов бўлмоқда. Бинобарин, соҳа вакиллари ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар кескин ошиб кетди.

Яъни, салбий ҳодисалар сони аввалги йилга нисбатан икки баробарга ўсганлиги ғоят ташвишлидир. Устига-устак жорий йилда ҳам жиноят содир этиш барҳам топмаяпти. Фирибгарлик, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш, ўзлаштириш, малака тоифаси ҳужжатларини сохталаштириш, касб вазифасини лозим даражада бажармаслик, беморларни даволаш ўрнига уларга тан жароҳати етказиш каби ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари шулар жумласидандир.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилаётганлигига қарамасдан ишга жойлаб қўйиш, ҳужжатларни сохталаштириш ва ўқишга киришга "ёрдамлашиш" ниқобидаги коррупцион ҳолатлар камаймаётганлиги минг афсуски, тизим обрўсига путур етказмоқда.

Тиббиёт муассасаларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ўта қониқарсиз. Айрим мутасаддилар одамларнинг ҳақли эътирозлари, талаб ва истаклари баён этилган мурожаатларга беписанд муносабатда бўлмоқдалар. ВССБ бош мутахассиси Доно Убайдуллаеванинг чиқишида бу каби ўзибўларчиликлар изоҳлаб берилди. Ижро интизоми жуда ҳам бўшашиб бораётганлиги айтилди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори - ВССБ бошлиғининг Оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдумалик Раҳмоновнинг маърузасида вилоятда чақалоқлар ўртасидаги ўлим кўрсаткичлари камайиш ўрнига ўсиши кузатилаётганлигига жиддий эътибор қаратилди. Ўз ўзидан кўриниб турибдики, Наманган шаҳри, Чуст, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон, Поп, Косонсой туманларидаги оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари фаолияти бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайди.

Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиевнинг маърузасида фаолиятнинг бошқа йўналишлари ишига ҳам танқидий баҳо берилди. Жумладан, Доимий фаолиятдаги комиссияларнинг етарли даражада иш олиб бормаётганлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг оқибатида шифохона ичи инфекциясининг олдини олишда ва беморларга 66 турдаги бепул дори воситаларини етказиб беришда камчиликларга йўл қўйилмоқда. Бош врачларнинг даволаш ишлари бў­йича ўринбосарлари ўз зиммаларидаги вазифа масъулиятини чуқур ҳис этмаяптилар. Бош ҳамширалар фаолиятида талабчанлик етишмайди.

Соҳага ажратилган маллиардлаб бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш учун аввало бош ҳисобчилар масъулдирлар. Тиббиёт муассасаларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари сифати устидан бевосита муҳандислар қатъий назорат ўрнатишлари лозим.

Йиғилишда шифохоналарга хизмат кўрсатаётган аутсорсинг ташкилотларининг ишида ҳам салбий ҳолатлар мавжудлиги қайд этилди. Айрим нопок кимсалар беморлар овқатига сарфланиши лозим бўлган гўштдан уриб қолишга уринишаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Кенгайтирилган йиғилишда тизим фаолиятининг барча йўналишларида қатъий тартиб-интизом ўрнатиш, раҳбарлар масъулиятини кучайтириш, ишга қабул қилишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ходимлар ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.