Ўтган йилнинг баҳорида гематология ва онкологияда хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариш бўйича муҳим ҳуқуқий асос яратилди. Яъни, Президентимизнинг 2021 йил 27 майда қабул қилган "Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори онкологик касалликлари олдини олиш, уларни самарали даволаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилгани билан ғоят аҳамиятли.

Шу йилнинг январь ойида мамлакатимизнинг барча вилоятларига, жумладан Наманганга ҳам бир дона учта қон маҳсулотини олувчи Trima Accel аппарати олиб келинди.

Олдинлари қон топширувчи донордан 4-5 соатлаб ёки ундан ҳам кўпроқ вақт мобайнида плазма ёки тромбоцит олинган бўлса, ҳозир бу мушкул жараёнга барҳам берилди. Янги тиббий ускуна олиб келингач, донорлар учун муносиб енгиллик яратилиб, шароит яхшиланди.

Янги ускуна билан ишлаш бўйича Тошкент шаҳрида ташкил этилган семинар-тренинг­да Наманган вилояти қон қуйиш марказининг икки нафар ходими - донорлик бўлими мудири Азимжон Давронов ҳамда бўлимнинг гематолог-трансфузиологи Илҳомжон Тўланов иштирок этиб, тажриба ва амалий кўникмаларини ошириб қайтишди.

- Мазкур аппаратни ўрнатилиши бизни хурсанд этди. Аввалги ускуналар донордан қон тромбоцитларини ажратишда кўп вақт талаб этар эди. Барча ишлар қўл орқали бажариларди, - дейди шифокор Азимжон Давронов. - Ушбу замонавий аппарат энди ишимизни ўн баробарга енгиллатибгина қолмай, қисқа вақт ичида донорлардан қон компонент­ларини ажратишда рақамлаштирилган ҳолда барча функ­цияларни ўзи бажара олади.

Trima Accel (Трима Эксел) тизими донордан бир вақтнинг ўзида учта қон маҳсулоти - тромбоцит, плазма ва эритроцитни олиш имконини берадиган биринчи технологиядир. Уни қон қуйиш марказига озарбайжонлик Ариф Жабра­йилов раҳбарлигидаги "Innova Terumobct" ширкати мутахассислари ўрнатиб, созлашди.

- Мана шундай қондаги компонентни ажратиш сепаратори ҳар бир донорнинг пара­метр­ларига асосланиб, қон компонентларини тайёрлашни назорат қилади. Бу нафақат донор хавфсизлигини таъминлайди. Балки қон марказлари иши максимал самарадорлиги учун ҳар бир компонентни тайёрлашни ва олишни оптималлаштиради, - дейди суҳбатдошимиз, ёш гематолог Илҳомжон Тўланов.

Энг асосийси, мазкур тиббий ускуна вақтни тежайди. Ҳар бир режалаштирилган муолажани автоматик тарзда номограмма ҳамда юқори сифат даражасида бажаради. Аппаратнинг ҳар бир бемор учун бир марталик касетаси 3 миллион 500 минг сўм нархда бўлиб, уларнинг барчаси давлат томонидан қопланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аҳоли орасида гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш, беморларни даволаш ва уларнинг профилактикасини кучайтириш учун хорижий грант­лар, техник ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобидан сўнги русумдаги тиббий ускуналар келтирилаётгани соҳа ривожида ўзига хос янгиланишдир.

Trima Accel (Трима Эксел) аппарати жаҳон бозорида 120 минг еврода баҳолансада, унинг республикамиздаги барча қон қуйиш марказларига тенг баробар арзон нархда 60 минг евро хориж вальютасида сотиб олинаётгани тизимдаги жиддий ўзгаришларга яққол мисолдир. Бу, албатта, давлатимизнинг халқимиз соғлиғи учун йўналтирилган инсонпарвар сиёсатининг амалдаги исботидир.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ.