Учқўрғон шаҳридаги Маданият саройида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ҳайъатининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Унда туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасаларда аҳолига хизмат кўрсатишнинг бугунги ҳолати атрофлича муҳокама этилди. Йиғилишни Учқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Сардор Турсунов кириш сўзи билан очди.

Бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов ҳудудлардаги диагностика ва даволаш ишларини янада яхшилаш мақсадида мониторинглар ўтказилиб, унинг якунлари ҳар бир туман тиббиёт бирлашмалари тизимидаги муассасалар жамоалари иштирокида чуқур таҳлил этилаётганлиги, ўз вазифасига эътиборсизлик билан қараётган масъуллар, мутахассис кадрларга кескин чоралар кўрилаётганлиги ҳақида гапириб, жумладан, Учқўрғонда ҳам тиббий хизмат даражаси анча пасайиб бораётганлигидан ташвишда эканлигини таъкидлади.

ВССБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиевнинг маърузасида ўрганишлар чоғида топилган камчилик ва нуқсонлар слайдлар воситасида рўйи-рост ифодаланди. Энг ачинарлиси, соғ­лиқни сақлашнинг қуйи бўғини иши талабга асло жавоб бермайди. Аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатишда оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларига ўрнак бўладиган туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси фаолиятида салбий ҳолатлар жуда кўп. Хусусан, оила шифокорлари зиммаларига юклатилган вазифаларга масъулиятини етарли даражада ҳис этишмаяпти. Қўғай катталар ва болалар по­ликлиникаларида ҳам камчиликлар бисёр. Жумладан, стоматолог Б. Абдуллаев нострил воситалардан фойдаланмоқда. Бунинг салбий оқибатлари ҳақида ҳеч ким қай­ғурмаяпти. Муассаса мақомини кўриб чиқиш керак.

42-оила поликлиникасида эмлаш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ҳамширалар етарли билимга эга эмас. "Янгиобод" оилавий шифокорлик пунктида вакциналар беҳуда исроф қилинмоқда. Ёлғон маълумотлар эмлаш сайтига киритилмоқда. "Пахтачи" оилавий шифокорлик пунктида ташхислар асоссиз равишда белгиланади. З8-,    39-, 40-, 41-оилавий поликлиникаларда, "Катта Чек", "Янгиер" ва "Жалолобод" оилавий шифокорлик пунктлари ишида ҳам хатоликлар анчагина. Ўрта тиббиёт ходимлари ҳатто қўл ювиш қоидаси бўйича тушунчага эга эмаслар. Қўчқор ота оилавий шифокорлик пунктида дори-дармонлар етарли бўла туриб, беморларга тарқатилмаётганлигини қандай баҳолаш мумкин?

Туманда болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ҳам ачинарли. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи, ВБКТТМ бош шифокори Абдумалик Раҳмоновнинг маърузасида бу ҳақда мисоллар келтирилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов стационар хизмат кўрсатиш ҳам қониқарли даражада эмаслигини изоҳлаб ўтди. Тизимда йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш учун бир ой муддат берилди. Ўттиз кундан сўнг қайтадан мониторинг ўтказилиши, ишда туб бурилиш ясай олмаган раҳбару ходимларга нисбатан қаттиқ чоралар кўрилиши белгиланди ва огоҳлантирилди.

Танқидий руҳда кечган йиғилишда билдирилган фикр-мулоҳазалардан маълум бўлдики, Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси тизимида аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва зиммадаги вазифага масъулият билан ёндошиш ҳисси гўёки етишмаётгандек кўринади. Умид қиламизки, саломатлик посбонлари аҳоли соғ­лиғини мустаҳкамлаш учун бундан буён якдил бўлиб, фаолиятни яхшилаш борасида ижобий натижаларга эришадилар.