Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши Уйчи тумани Маданият марказида ўтказилди. Йиғилишни бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзи билан очди. ВССБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиев туманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати ҳақида маъруза қилди.

Нотиқ дастлаб туман тиббиёт бирлашмасида ижро интизоми қатъий йўлга қўйилмаганлигини айтди. Кадрлар билан ишлашда ҳам хатоликлар мавжудлигига эътиборни қаратди. Сўнг­ра тиббиёт бирлашмаси таркибидаги соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти бирма - бир кўриб чиқилди.

- Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш ишлари қониқарсиз даражада, - деди маърузачи. - Хусусан, амалий фаолияти билан бирламчи бўғинга ўрнак бўладиган туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси иши камчиликлардан ҳоли эмас. Тартиб-интизом бўшаштириб юборилган. Айрим шифокорлар зиммаларидаги вазифаларни тўлиқ бажаришмаяпти. Невропатолог Ш. Насриддиновнинг хизмат натижадорлиги бунга яққол мисолдир. Мавжуд штатлардан самарали фойдаланилмаяпти. 21 ўрнига атиги 7 нафар шифокор бемор қабул қилаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Туманнинг турли ҳудудларида жойлашган ва олис қишлоқларда яшовчилар саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳамда соғлом турмуш тарзи тарғиботини олиб борувчи 31, 32, 33, 34, 35, 36, 37-оилавий поликлиникалар, "Хизр­обод", "Ёркатай", "Ёрқўрғон", "Гулистон" оилавий шифокорлик пунктлари фаолиятида ҳам қатор салбий ҳолатлар аниқланган.

Йиғилишда Оналик ва болалик муҳофазасига қаратилган фаолият, стационар тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати ҳам чуқур муҳокама этилди. Тиббий хизмат даражасини такомиллаштириш жараёни авж олган бир пайтда туманда шифохоналар қувватидан ўта самарасиз фойдаланилмоқда. Эндокринология бўлими имкониятининг атиги 18 фоизи ишга солинган. Жарроҳлик бўлимда эса ётқизилган беморларнинг 10 фоизида жарроҳлик амалиёти ўтказилган, холос. Бунинг оқибатида беморлар бевосита туманда даволаниш ўрнига нажот излаб Наманган шаҳридаги тиббиёт даргоҳларига қатнашга мажбур бўлишмоқда.

Танқидий руҳда ўтган тиббиёт ҳайъати сайёр йиғилишида талабчанликни унутган айрим раҳбар ва ходимлардан масъулият талаб этилди. Туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасаларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш учун бир ой мухлат берилди. Барча тиббиёт муассасаларида адолат ва шаффофликни таъминлаш вазифаси қў­йилди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.