Косонсой шаҳридаги 4-болалар мусиқа ва санъат мактабида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ҳайъатининг сайёр йиғилиши бўлди. Танқидий руҳда кечган йиғилишда туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасаларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси ўта қониқарсиз эканлиги айтилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзида таъкидлаганидек, кейинги пайтда туманда тиббий хизмат кўрсатиш сифати тобора пастлаб бормоқда. Бошқарма етакчи мутахассислари томонидан икки ой муқаддам ўтказилган мониторинг чоғида қатор салбий ҳолатлар қайд этилиб, уларни тезда тугатиш юзасидан зарур кўрсатмалар берилган эди. Афсуски, фаолиятда сезиларли ўзгаришлар қилинмаган. Шифокор ва ҳамширалар, кичик тиббиёт ходимлари зиммаларидаги масъулиятни унутиб қўйишмоқда. Уларнинг билим савияси ва касбий маҳорати бугунги кун талабларидан ортда қолаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Муҳокамалар чоғида Косонсойда тиббиёт соҳасидаги депсинишнинг асл сабабларига эътибор қаратилди. Мониторинг ўтказган ишчи гуруҳлар раҳбарларининг маърузалари тингланди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиев, ВССБ бош мутахассиси Ойбек Турдиматов, бошқарма бошлиғининг Оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи - вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмоновлар Косонсой тиббиётининг барча қирраларида мавжуд бўлган салбий ҳолатларни аниқ далиллар асосида изоҳлаб бердилар.

Қайд этилишича, туман тиббиёт бирлашмаси тизим бошқарувини тўлақонли йўлга қўя олмаган. Натижада ўзибўларлик, интизомсизлик, даволаш-диагностика стандартларига амал қилмаслик, санитария талабларига беписад муносабатда бўлиш ва бошқа камчилик ҳамда нуқсонлар урчиб ётибди. Айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг иши изидан чиқиб кетган. Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонига кўра соғ­лиқни сақлашнинг ушбу бўғини фаолиятини янги поғонага кўтариш орқали аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш самарадорлигини оширишга устувор аҳамият қаратилаётган даврда Косонсойда кузатилаётган сусткаштликларга асло тоқат қилиб бўлмайди.

Ўрганишлар чоғида туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси фаолиятида бир талай муаммолар мавжуд эканлиги яққол кўринди.

1-, 2-, 3- ва 6-оилавий поликлиникалар, "Баҳористон", "Шарқ юлдузи", "Ободон", "Қорасув" оилавий шифокорлик пунктлари фаолиятида кўзга ташланиб турган тартибларга зид хатти-ҳаракатлар саломатлик посбонларининг бефарқ­лиги, эътиборсизлиги, лаёқатсизлигидан далолатдир. Тажрибасиз ва малакасиз врачлар томонидан беморларга кераксиз дори-дармонларни ёзиб бериш амалиётига ҳануз чек қўйилмаяпти.

Оналик ва болалик муҳофазаси йўналишидаги фаолият, стационар хизмат кўрсатиш ишининг талабга жавоб бермаслиги далиллар асосида изоҳланди. Яна бир ачинарли ҳолат - аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида ҳам косонсойлик тиббиётчилар ҳаммадан ортда қолишяпти.

Тиббиёт ҳайъати сайёр йиғилишида туман соғлиқни сақлаш тизимидаги барча муаммо ва камчиликлар рўйи-рост айтиб ўтилди. Уларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.