Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг ажралмас бир қисми бўлган Наманган тиббиёти ҳам бой тарихга эга. Соҳа фидойиларининг заҳматли хизматлари туфайли азалдан халқимиз саломатлигини ишончли муҳофаза қилишда салмоқли ютуқларга эришиб келинмоқда. Ўтмиш, кечаги давр ва бугунги фаолият ҳақида ҳозирги авлод тасаввурини уйғотиш муҳим аҳамиятга эга. Албатта, мазкур мураккаб ва ғоят зарурий вазифани амалга оширишнинг ягона воситаси - музейдир.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятининг ташаббуси билан реконструкциядан чиқарилаётган бошқарма биносининг биринчи қаватида "Наманган тиббиёти тарихи" музейини ташкил этишга киришилгани ҳам бежиз эмас. Зеро, бу қутлуғ даргоҳ вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимининг аввали, кечаси ва бугуни ҳақида тушунча берувчи, қолаверса порлоқ истиқболи ҳақида ҳикоя қилувчи масканга айлантирилади.
Айни пайтда бошқарма бошлиғи Абдулҳоди Иминов раҳбарлигида ишчи гуруҳи тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. "Наманган тиббиёти тарихи" музейини яратиш устида бош қотирилмоқда. Вилоятимиздаги мавжуд музейлар тажрибасига асосланган ҳолда бошқарма маданият ва маънавият масканини шакллантиришга киришилди. Уни жуда қисқа фурсатда ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Албатта, янги музей ўзига хослиги билан ажралиб туради. Яъни, унда мужассамлашадиган экспонат ва кўргазмаларда Наманган тиббиётининг шонли йўли, тараққиёт босқичлари ва соҳа ишини юксалтиришга улкан ҳисса қўшган саломатлик посбонларининг жасоратли фаолиятини акс эттириш мақсад қилинган. Бу қутлуғ иш эса ғоят мураккаб жараён бўлиб, тегишли тарихий маълумот ва тарихни эслатувчи ашё ҳамда коллекцияларни йиғиш, саралаш лозим.
Музейнинг мукаммал ва тарихий манбааларга бой бўлишини таъминлаш осон иш эмас. Кўпчиликнинг мадади ва кўмаги талаб этилади, албатта. Шунинг учун вилоятимиз тиббиёти жамоатчилигига мурожаат қилмоқчимиз: Азиз саломатлик посбонлари! Эзгу ниятлар билан вужудга келтирилаётган "Наманган тиббиёти тарихи" музейини бойитишга баҳоли қудрат ҳиссангизни қўшинг. Муассасангизда ёки оилангизда сақланаётган вилоятимиз тиббиётига оид ноёб манбалар, фотосуратлар, эсдалик буюмлари, тиббий анжомлар, адабиётлар ва бошқа экспонатларни музейга туҳфа этасиз, деган умиддамиз.
БУ БИЛАН ЮКСАК ИНСОНИЙЛИК БУРЧИНГИЗНИ, КАСБИНГИЗГА САДОҚАТИНГИЗНИ ЯНА БИР КАРРА НАМОЁН ЭТГАН БЎЛАСИЗ.
БАРЧАНГИЗНИ ҲАМКОРЛИККА ЧОРЛАЙМИЗ.
Наманган вилояти
соғлиқни сақлаш бошқармаси.