Тиббиётда ҳам хусусий секторнинг ўрни катта. Сабаби, бу соҳада янги тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуналар, аппаратлар келтирилиб, аҳолига зарур қулайликлар яратиляпти. Давлат муассасалари билан рақобат муҳити ҳам пайдо бўлмоқда. Шифокорларнинг хорижда малака ошириб қайтаётгани, даволашда янги усул ва тажрибалар ўзлаштирилаётгани ҳам нодавлат тиббий масканларининг кўлами тобора кенгайиб бораётганига яққол мисолдир.

Энди танганинг иккинчи томони бўлганидек, бу шифогоҳлар фаолиятини белгиланган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар доирасида амалга ошириш учун қонун ҳамда қонун ости ҳужжатларига тўла ва изчил риоя қилинишини таъминлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Вилоят стоматология поликлиникаси мажлислар залида ўтказилган услубий-амалий семинар айни шу мавзуга қаратилди. Тадбирда Наманган шаҳрида фаолият кўрсатаётган нодавлат тиббиёт ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, хусусий шифохоналар учун яратилган имконият ва қулайликлар бўйича мутахассисларнинг маърузаларини тингладилар.

Анжуманда хусусий тиббиёт марказлари фаолиятлари белгиланган қонунчилик доирасида, рухсат этилган лицензияга мувофиқ ташкил этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилаётганига эътибор қаратилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш бўйича бош мутахассиси Толибжон Ваҳобов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 июндаги "Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори юзасидан зарур тушунчалар берди.

Бошқарма бош мутахассиси Фурқатжон Холмирзаев Президентимизнинг 2018 йил 27 июлдаги "Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига кўра, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларга рухсат этилгани ҳақида маъруза қилди.

Семинарда вилоят давлат солиқ бошқармаси маслаҳат бўлими бошлиғи О. Абдуллаев "Хусусий тиббиёт муассасаларида солиқ имтиёзлари", вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази услубчиси Ҳ. Абдураҳмонов "ОИВ инфекцияси бўйича эпидемиологик вазият" ҳамда Наманган шаҳар СЭО ва ЖС бўлими врач-эпедимиологи Замира Акбарова "Шифохона ичи инфекцияларининг олдини олиш" мавзуларида сўзга чиқдилар. Тадбир доирасида хусусий тиббиёт муассасаларининг раҳбарлари соҳага доир саволларига мутахассислардан атрофлича жавоблар олишди.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ.