Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази мажлислар залида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Маънавият ва маърифат Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тизимга қарашли тиббиёт муассасаларида маънавий-маърифий ишларни янада кучайтириш ҳақида фикрлашилди.

Йиғилишни бошқарма Маънавият ва маърифат Кенгаши масъул котиби, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев олиб борди. Кун тартибига кўра дастлаб, вилоят Маънавият ва маърифат Кенгашининг 2021 йил якунлари ва 2022 - "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар муҳокама қилинган йиғилиши баёнида қайд этилган йўналишларга эътибор қаратилди. Ишлаб чиқилган Йўл харитаси ва дастурлар ижроси изчил таъминланиши зарурлиги айтилди.

- Жорий йилдаги фаолиятимиз марказида Президентимизнинг "Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси" номли китобини ўқиб-ўрганиш ва унинг мазмун-моҳиятини ҳар бир саломатлик пос­бони билишига эришиш билан боғлиқ ишлар туради, - деди нотиқ. - Шу билан бирга 2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тарғиботи ҳам ғоят муҳим вазифалар сирасига киради. Етти йўналиш ва юзта мақсадни мужассамлаштирган ушбу ҳужжатда Ватанимизни янада юксалтириш учун қандай улуғвор ишларни амалга оширилиши белгилаб берилган. Доимий равишда ўтказиб келинаётган "Маърифат соатлари" таъсирчанлигига эришишда бу мавзуларга устувор аҳамият қаратиш зарур.

Йиғилишда вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази маънавият тарғиботчиси Муяссар Бойматова, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Абдусаттор Тўйчибоев, Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Аҳмаджон Юсупов, вилоят болалар стоматология поликлиникаси шифокори Баҳодир Турдиев, вилоят болалар силга қарши кураш сиҳатгоҳи бош шифокорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Саида Дадабоева ва бошқалар сўзга чиқиб, маънавий-маърифий тадбирларни баёнлаштириш, юртимиз бўйлаб саёҳатлар уюштириш, "Маънавият ва маърифат хоналари"ни жиҳозлаш, "Электрон кутубхона" ташкил қилиш, маънавий-маърифий ишларга масъул ходимларни рағбатлантириш каби масалалар юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.