Яқинда Покистон Ислом Республикасининг Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар Чаудхари бошчилигидаги делегация Наманган вилоятида бўлди.
Меҳмонлар Янги Наманган туманида Лаҳор университети билан ҳамкорликда ташкил этилаётган Тиббиёт университети объекти билан танишишди.
Ушбу университет Янги Наманган туманининг Гўзал даҳаси 14-уйда жойлашган 2-тиббиёт коллежи ҳамда собиқ Диагностика маркази бино-иншоотларида ташкил этилади.
Наманган Халқаро университетида тиббиёт соҳасига талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, тиббиёт, стоматология, фармацевтика, IT, халқаро ҳуқуқ ва бизнес йўналишлари бўйича факультетлар ташкил этилиши белгиланган.
Лойиҳани ишга тушириш муддати 2022 - 2023 ўқув йилидан бошланиши белгиланмоқда. Лойиҳа доирасида 2022 - 2023 ўқув йилида 500 нафар ёшларни қабул қилиш, 2023 - 2024 йилда 1000 нафар ёшларни қабул қилиш режалаштирилган. Битирувчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълими тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган давлат ва хорижий ҳамкор намунасидаги диплом берилади.
Наманган Халқаро университетида ҳар йили қабул қилинадиган талабаларнинг 10 фоизигача ўқитиш учун имтиёзли таълим грантлари, 5 йил муддат ичида 600 минг долларлик грантларни ажратиш кўзда тутилган.
Инвесторлар томонидан бинони таъмирлаш учун 5 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш белгиланган.
Namangan.uz