Абдулҳоди ИМИНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.

Ҳар бир инсон учун ҳаёт ғоят қимматли, ғоят бебаҳо. Ана шу ҳаётнинг гўзаллиги ва ширинлиги тансиҳатликда, десак заррача муболаға эмас. Ахир соғлом одамнинг кайфияти аъло, руҳи тетик, эртанги кунига умиду ишончи мустаҳкам бўлади. Фаол ҳаёти билан жамият ва мамлакатга катта наф келтириши шубҳасиз. Демак, Ватанимиз тараққиёти, аввало, халқимиз соғлиғи билан кафолатли. Шунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев йилдан-йилга соғ­лиқни сақлаш тизимида беқиёс ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган Қарор ва Фармонлар қабул қилмоқда. Айни вақтда уларнинг ижроси устидан изчил ва қатъий назорат олиб бориляпти. Гарчи бу борада катта ижобий натижалар қўлга киритилаётган бўлса-да, ҳали бажарилишини кутиб турган долзарб вазифалар ҳам бир талай эканини асло унутмаслигимиз керак.

Жорий йилимиз "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" дея аталиши бутун диққат-эътиборимизни бир-биримизни эъзозлашга, ислоҳотлар рўёби учун астойдил жон куйдиришга, Ватан ичра мўъжаз ватан саналмиш ўзимиз яшаётган маҳаллаларимизнинг ҳар соҳада фаоллигини таъминлашга қаратишимизни тақозо этади. Энг муҳими, биз кўзлаган марраларимизга эришиш учун аниқ устувор йўналишларга эгамиз. Чунончи, Президентимиз раислигида 26 январь куни ўтказилган видеоселекторда Ўзбекистоннинг 2022 - 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. Ушбу муҳим ҳужжатда мамлакатимизнинг ривожланиш тенденциялари белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: "...Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз".

Иқтисодий ва ижтимоий юксалишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи - инсон омили бўлгани учун бугун ёшу қари, эркагу аёл Янги Ўзбекистоннинг равнақига муносиб ҳисса қўшишни ўзининг биринчи даражали фуқаролик бурчи деб билмоғи керак. Зеро, инсоннинг қадр-қиммати, унинг ҳалол ва фаол меҳнати билан, жамиятда тутган мав­қеига яраша ўз билим ва куч-қудратини халқнинг фаровон ҳаётини таъминлашга қай даражада сарфлаётгани билан ўлчанади. Элимиз иборасига кўра: "Меҳр берган - меҳр топади", "Қадрлаган - қадрланади".

Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўлиб, улар 100 та мақсадни ўз ичига олган. Жорий йилда бу мақсадларни амалга ошириш учун Давлат дастурида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбир белгилаб қўйилган.

Биз биргина тўртинчи устувор йўналиш - "Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш" бўйича кўзда тутилган мақсадлар доирасида тиббий хизмат истиқболига назар ташласак ҳам мамлакатимиз олдида улкан вазифалар турганини чуқур англаб етамиз. Тараққиёт стратегиясига мувофиқ икки йилда республикамизда 61 та оилавий поликлиника ва 215 та оилавий шифокор пункти ташкил этилади. Жумладан, вилоятимизда янги 2 та шаҳар оилавий поликлиникаси ҳамда 8 та оилавий шифокор пункти очилади.

Шунингдек, олис, чекка ва чегара ҳудудларда, кам сонли аҳоли яшайдиган маҳаллаларда тиббий пунктлар фаолияти йўлга қўйилади. Масалан, вилоятимизнинг Поп туманидаги Имом ота маҳалласида истиқомат қилувчи 1600 нафар аҳолига энг яқин поликлиника 8 километр олисда бўлгани учун тиббий пункт хизмати ташкилланади. Бу билан аҳолининг узоғини яқин қилишга эришилади.

Тараққиёт стратегиясида ҳудудларда тиббий хизмат кўрсатишнинг барча йўналишларини бир жойга мужассамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг учун Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тиббиёт кластерлари ташкил этилади. Демак, бизнинг вилоятимизда ҳам илғор ва самарали амалиётга биринчилардан бўлиб ўтилади.

Видеоселектор йиғилишида таъкидланганидай бирламчи тиббий хизматлар сифатини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, рақамли тиббиётни кенг жорий қилиш ғоят долзарб ва зарур вазифага айланади. Давлат томонидан эса молиявий-иқтисодий масалаларнинг ижобий ечимлари топилган. Дори воситалари ва тиббий буюмлар учун бюджетдан ажаратиладиган маблағлар 3 баробарга оширилиши белгиланган.

Тиббиётнинг тараққиёти - хал­қимизнинг соғлом ҳаёти, десак жуда тўғри фикрлаган бўламиз. Ахир тиббиёт ривожланса, халқимизнинг каттаю-кичиги саломатлигини тўла сақлаш кафолатланади. Соғ­лом инсонлар етарли куч-қувват билан Янги Ўзбекистонни бунёд этишда бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан фаолроқ қатнашишади, умумюксалишга салмоқли ҳисса қўшишади. Бунга ҳеч шак-шубҳа йўқ.