Айни кунларда Президентимизнинг яқин орада тиббиёт ходимлари билан ўтказиладиган очиқ мулоқотига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Тарихий воқеа олдидан юртдошларимизнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклиф ва мулоҳазалари ўрганилмоқда. "Инсон қадри учун!" деган эзгу ғояни амалга оширишда соғлиқни сақлаш тизимининг жонкуяр ходимларига таянамиз!" шиори остида ташкил этилаётган юзма-юз учрашувларда соҳа ишини янги босқичга кўтариш учун қандай муаммо ва масалаларни ҳал қилиш лозимлигига эътибор қаратилмоқда.

Тўрақўрғон туманидаги Маданият саройида кечган мулоқот ҳам ана шу мақсадда ташкил этилди. Унда соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларнинг ечими юзасидан таклифларни тайёрлаш бўйича вазирлик Ишчи гуруҳи аъзолари вилоят тиббиёти вакиллари билан суҳбатлашди.

Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзи билан очди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов далатимиз раҳбарининг тизим ходимлари билан бўлажак очиқ мулоқотига тараддуднинг бориши ҳақида тўхталар экан, ечимни кутаётган муаммоларни янада чуқур ўрганиш учун етакчи мутахассислардан иборат Ишчи гуруҳи ҳудудларга сафарга чиққанлигини таъкидлаб, йиғилганларни эркин суҳбатга чорлади.

РШТЁИМ Наманган филиали иқтисодчиси Анвар Нуриддинов, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси шифокори Юсуфали Маҳкамов, Давлатобод тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Наргиза Турсунова, вилоят асаб руҳий касалликлар шифохонаси бош шифокори Абдул­азиз Йўлдошев, ВССБ бош ҳамшираси Райҳона Мансурова, вилоят перинатал маркази бош шифокори Ирода Муҳиддинова, Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Лайло Аҳмедова, ВКТТМ кўз касалликлари бўлими мудири Муҳаммаджон Қаюмов, Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Зулфия Мамаджонова, "Ax medical farm" МЧЖ раҳбари Элмурод Мамадалиев, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шокиржон Ҳайдаров ва бош­қалар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, соҳа моддий-техник имкониятларини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, олис ҳудудларда шифокорлар етишмовчилигини инобатга олиб, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини кўпайтириш, замонавий тиббий асбоб-ускуналардан самарали фойдаланиш, тиббиёт ходимларини рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш, хусусий тиббиёт муассасалари фаолият йўналишларини кенгайтириш каби қатор масалаларни ўртага ташладилар.

Ишчи гуруҳи билдирилган 20 дан ортиқ қимматли таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштирган ҳолда ўрганиб чиқиб, ижросини таъминлаш учун тегишли дастурга киритиш бўйича иш олиб бориши айтилди.

Вилоят тиббиёти фаолларининг Ишчи гуруҳ аъзолари билан маслаҳатлашув тадбирида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев иштирок этди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.