Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соҳа ишини янги поғонага кўтариш ва халқимизни тиббий хизматдан рози қилишга қаратилган кенг кўламли эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Бироқ, янгиланиш жараёнлари ҳамма жойда ҳам ёрқин сезиляпти, дейишга хали эртага ўхшайди. Буни айрим туманлар тиббиёт бирлашмалари фаолиятидаги ўзибўларчиликлар яққол тасдиқлаб турибди.

Шу боис вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси ҳудудларда тиббий хизмат сифати ва ҳолати юзасидан ўрганишлар олиб бормоқда. Мониторинг чоғида аниқланган муаммо, камчилик ва нуқсонлар бошқарма тиббиёт ҳайъатининг сайёр йиғилишларида чуқур муҳокама қилинмоқда. Чунончи, Поп шаҳридаги мусиқа мактаби биносида бўлиб ўтган йиғилишда туман тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасаларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг ўта қониқарсиз аҳволда эканлиги таъкидланди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиевнинг ўрганиш якунлари бўйича маърузасида қайд этилганидек, туман тиббиёт бирлашмаси ва унинг қуйи бўғинларида бугунги кун талабларига мос ҳолда иш ташкил этилмаган. Аввало, туман тиббиёт бирлашмасида ижро интизомига қатъий амал қилинмайди. Аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ўта суст. Бунинг оқибатида фуқароларнинг турли идораларга йўллаётган шикоятлари кўпаймоқда.

Мониторинг кўрсатиб турибдики, туманда тиббий хизматнинг бирон бир йўналишида ижобий жиҳат намоён эмас. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг фаолиятидан асло қониқиш ҳосил қилиб бўлмайди. Айрим тиббиёт масканларида, жумладан кўп тармоқли марказий поликлиника, Янгиер, Тўда, Уйғур, Чодак-1, Тепақўрғон ва Санг оила шифокорлик пунктларида тиббий ҳужжатларни белгиланган тартибда тўлдиришга эътиборсизлик билан қаралмоқда. 20-, 23-, 25-оилавий поликлиникаларда санитария қоидаларига амал қилинмайди. Ҳомиладор аёлларга кўрсатилаётган тиббий хизматда камчиликлар мавжуд. Кенагас оила шифокорлик пунктининг иши мутлақо қониқарсиз. Айниқса, 66 турдаги дори воситалари беморларга вақтида тарқатилмаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Маърузачининг айтишича, тумандаги барча БТСТ муассасаларида беморлар диспансер назорати етарли эмас. Даволаш-диагностика стандартларига амал қилинмайди. 66 турдаги дори воситаларини бепул бериш тартиби бузилмоқда. Деярли ҳамма бирламчи бўғин муассасаларида кундузги стационар фаолият олиб бормайди.

Стационар тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати ҳам талаблар даражасида эмас. Касаллик тарихи тўлиқ юритилмайди.Туман тиббиёт бирлашмасига ўрнатилган ПЦР аппаратида текширувлар ўтказилмаяпти. Шошилинч тиббий ёрдам бўлими фаолиятида ҳам камчилик ва нуқсонлар оз эмас.

Оналик ва болалик муҳофазаси бўйича олиб борилаётган ишларни тубдан яхшилаш лозим. Энг ачинарлиси, ўтган йили туманда 17 нафар туғма нуқсонли чақалоқ дунёга келган. Бу ҳомиладор аёллар вақтида скрининг текширувидан ўтказилмаётганлиги оқибатидир.

Туманда аҳолига пуллик тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш, олис ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари бино ва иншоотларини таъмирлаш, ободонлаштириш эътибордан четда қолмоқда.

Қарийб уч соат давом этган муҳокама чоғида шу ва бошқа муаммолар айтиб ўтилди. Мутасаддилардан масъулият талаб этилди. Қатор раҳбарларга интизомий чоралар кўриладиган бўлди. Йиғилиш якунида вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов туман тиббиёт бирлашмаси янги раҳбарига соҳа иши тизгинини қўлга олиш, барча муассасаларда адолат ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Бошқарма тиббиёт ҳайъати йиғилишида Поп тумани ҳокими ўринбосари Музаффар Арслонов иштирок этди. У тиббиёт тизими иши шу қадар изидан чиқиб кетганидан афсусда эканлигини айтди.

Поп тумани тиббиёт тизими фаолиятини изига солиш учун муддат белгиланди. Ҳақли савол туғилади: Ишни шу қадар бўшаштириб юборган тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари вазиятни тез орада ўнглай олармиканлар ёхуд тиббий хизмат даражаси пастлашда яна давом этармикан? Қандай натижа бўлишини вақт кўрсатади, албатта.

Абдулла ҒОЗИЕВ.