Чортоқ шаҳридаги Маданият саройида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ҳайъатининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Унда туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси иштирок этди.

Йиғилишни туман ҳокимининг ўринбосари Дилфуза Ҳакимова кириш сўзи билан очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида бошқарма томонидан қатор туманларда мониторинглар ўтказилиб, унинг якунлари шу каби танқидий-таҳлилий йиғилишларда чуқур муҳокама қилиш амалиёти татбиқ этилаётганлигини таъкидлади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиевнинг туман аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг бугунги ҳолати юзасидан маърузаси тингланди. Нотиқнинг қайд этишича, 200 минг нафардан зиёд аҳолининг соғлом ҳаёт кечиришига масъул бўлган саломатлик посбонларининг саъй-ҳаракатлари айни пайтда талаблар даражасида эмас. Шу боис ҳам аҳоли вакиллари томонидан турли даражадаги идораларга тиббий хизматдан норози бўлиб йўлланаётган шикоятлар миқдори бош­қа ҳудудларга нисбатан анча юқори.

Мониторинг чоғида бирламчи тизимнинг зарур даражада ишламаётганлиги, марказий шифохонадаги қатор салбий кўринишлар ва бош­қа камчилик ҳамда нуқсонлар аниқланди. Бундан кўриниб турибдики, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти томонидан тизимда тартиб-интизом ва талабчанлик бўшаштириб юборилган, шифокорлар, ҳамширалар ва кичик тиббиёт ходимлари зиммаларидаги вазифани лозим даражада ҳис этишмаяпти.

Бошқарма тиббиёт ҳайъатининг сайёр йиғилишида тиббий хизмат кўрсатишнинг барча йўналишлари фаолияти тан­қидий равишда кўриб чиқилди. Эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги туфайли камчиликларга йўл қўяётган мутасаддилар қаттиқ огоҳлантирилди. Айрим мансабдорларни лавозимидан озод этиш тавсия этилди. Кўрилган чора-тадбирлар туман тиббиёт бирлашмаси ишини янги бос­қичга кўтаришга туртки беради, деган умиддамиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ.