Бирламчи тиббиёт муассасалари ходимлари зиммасига юклатилган вазифалар ҳаддан зиёд кўп. Уларнинг асосий иш вақти турли журнал ва ҳисоботларни тўлдириш билан боғлиқ ортиқча жараёнларга сарфланмоқда. Оқибатда шифокорлар қабулида узундан узоқ навбатлар юзага келиб, беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти чекланяпти.
Шу сабабли бундан бир муддат олдин Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтказилган учрашувда амалиёт учун фойдали бўлмаган ҳужжат ва ҳисобот шаклларини қисқартириш юзасидан махсус ишчи гуруҳ тузилган эди.
Ўтган қисқа вақт ичида вазирлик томонидан тузилган ишчи гуруҳ бу борадаги вазиятни чуқур ўрганиб, мавжуд 26 турдаги журнал ҳамда 33 турдаги ҳисобот шаклларидан бир қисми амалиётда кераксиз, деган хулосага келди.
Масалан, аҳоли мурожаат қилган паллаларда қабул бўлими ҳамширасининг "Амбулатор-поликлиника муассасасига келганларни қайд этиш журнали"ни тўлдириши жуда кўп вақт йўқотилишига, оқибатда одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Қолаверса, беморлар қабул бўлимидан рўйхатдан ўтгач, шифокор ҳузурига кириш учун яна рўйхатга ёзилиши зарур эди.
"Тиббиёт ходимларининг жароҳат ҳолатларини қайд қилиш журнали"га эса нохуш вазиятлар юз бермаса, ойлаб, ҳатто йиллаб эҳтиёж бўлмаслиги мумкин. Лекин ҳамшира ана шу ҳужжат турига ҳар куни "Бугун кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлмади" деган мазмундаги қайдларни киритиб бориши шарт эди.
Яна бир мисол: оилавий поликлиниканинг муолажа ҳамшираси ҳар бир беморга "укол" қилгач, буни бир нечта бланкалар, ҳатто махсус журналга ҳам "фалон дона шприц, фалон грамм спирт, фалон грамм пахта ишлатилди" деган маълумотлар билан ёзиб бориши лозим эди. Бу эса бошқа беморларнинг узоқ кутиб қолишига сабаб бўлаётганди.
Ана шундай нохуш ҳолатларга чек қўйиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи қабул қилинди. Унга кўра, шу йил 1 февралдан кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктларида юритиладиган 26 турдаги тиббий ҳисоб журналларидан 14 таси қолдирилди. Қолган 14 тасидан 10 таси соддалаштирилди. 33 турдаги тиббий карта ва бланкалар эса 14 тагача қисқартирилди.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланмаган тиббий ҳисоб ҳужжат шаклларидан фойдаланиш қатъиян ман этилди.
Энди шифокор ва ҳамширалар асосий вақтини ортиқча қоғозбозлик, яъни, ҳисоботу ҳужжатлар тўлдиришга эмас, балки бош вазифаси бўлган беморларни даволашга йўналтиради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.