Вилоятимизда "Инсон қадри учун!" шиори остида тиббий акция бошланди. "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"даги илк тадбир Наманган туманидаги Боғишамол маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди. Ўша куни "Боғишамол" оилавий шифокорлик пункти биноси атрофи одамлар билан гавжумлашди. Улар вилоят ихтисослаштирилган даволаш муассасаларининг энг малакали мутахассислари томонидан ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўрикда фаол иштирок этишди.

- Маҳаллабай ишлаш тизими ўтган йили аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда ижобий самара берди. Шунинг учун ҳам мазкур фаолиятни жорий йилда ҳам изчил давом эттиряпмиз, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Ойбек Турдиматов. - Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларининг Наманган филиаллари вакиллари эрталабданоқ ишга киришдилар. Айниқса, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори Солижон Мўминов бошчилигидаги саломатлик посбонлари фаоллик кўрсатишмоқда.

Дарҳақиқат, боғишамолликлар учун бугун саломатликни тиклаш ва мустаҳкамлаш борасида кутилмаган имкониятлар муҳайё этилганди. Тиббий кўрикка шошилаётганлар дастлаб кўчма рентгентга тушириляпти, сўнгра шифокорлар ҳузурига йўл­ланяпти. ОШП биносида кар­дио­лог, эндокринолог, терапевт ва бошқа бир қатор тор соҳа мутахассислари изчил иш олиб боришяпти.

- Юрак уришидан хавотирда эдим. Вилоят марказидан келган малакали шифокор қабулида бўлдим. Невропатолог кўрувидан ҳам қониқиш ҳосил қилдим. Энди кўзим сал хира тортганлиги учун "Мобил поликлинка"га кириш учун навбат кутяпман. Эл соғ­лиғи учун қайғуриб, шунчалик қулай шароит яратилганидан беҳад мамнунмиз, - дейди етмиш ёшли Ҳолмурод ота Абдубоев дуога қўл очиб.

Оилавий шифокорлик пункти мудири Марҳабо Оҳунованинг таъкидлашича, ҳудудда 9 минг нафарда зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бугунги тиббий жараён муносабати билан кўплаб маҳалладошлар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига келишди. Ижобий жиҳати шундаки, уларнинг аксарияти хотин-қизлар ва болалар бўлиб, беморликлари учун эмас, балки саломатликлари қай ҳолатда эканлигини олдиндан билиш учун ташриф буюришганди. Шундай бўлсада 162 кишида турли касалликлар аниқланиб, соғломлаштириш чоралари кўриладиган бўлди.

- Туманимиздаги 5 та оилавий шифокорлик пункти ва 5 та оила поликлиникасида ҳудди шу тарздаги касалликларни эрта аниқлаш ва барвақт босқичларда даволаш учун мақсадли скрининглар ўтказишни режалаштирганмиз. Келгуси манзил "Бешкапа" қишлоғи бўлади. Бу билан маҳаллалардаги саломатлик кўрсаткичларини янада яхшилашга эришамиз,- дейди тиббиёт бирлашма бошлиғи вазифасини бажарувчи Равшанбек Темиров.

Абдулла ҒОЗИЕВ.