Шунинг учун профилактик ўн кунлик ташкил этилди

 

Вилоятимизда кейинги пайтда ҳайвонлар тишлаши оқибатида кишиларнинг жароҳатланишидан уларнинг ҳаётига хавф туғилаётган эди. Бундай кўнгилсиз ҳолатларни бартараф этиш мақсадида зарур чора-тадбирлар белгиланди. Яъни 1 февралдан "Профилактик ўн кунлик" эълон қилинди.

Барча ҳудудларда бўлганидек Давлатобод туманида ҳам бирламчи тиббиёт муассасалари, туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими, ветеринария бўлими, ободонлаштириш бўлимининг овчи гуруҳлари фаолияти кучайтирилди. Чунки, ўтган йилги ҳодисалардан сабоқ чиқариб, янада астойдил ишлашга ўтилди. Ахир 2021 йилда туманимизда 115 нафар кишини ҳайвонлар тишлаб, жароҳат етказган эди-да.

Жорий йилда олиб борилаётган тадбирлар туфайли ўтган йилнинг шу давридаги ҳолатга нисбатан кутилмаган кўнгилсиз ҳодисалар камайтирилди. Энг муҳими, жароҳатланганлар ўртасида қутуриш касаллиги қайд этилмади. Бунинг асосий сабабларидан бири ўтган йили ободонлаштириш бўлими бригадаси 465 та эгаси номаълум дайди ит ва мушукни тутиб, йўқотди. Бу йил қисқа вақт ичида 115 та қаровсиз итларнинг дайдиб, изғишига чек қўйилди.

Шунингдек, туман ветеринария бўлими томонидан 724 та эгали ит-мушук рўйхатга олинди. Улар қутуриш касаллигига қарши эмланди. Ҳар бири учун гувоҳнома тақдим этилди.

Бизнинг бўлимимиз жамоа­си аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ҳамда назорат ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳудуддаги 25 та маҳалладан 18 тасида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда қутуриш касаллигининг олдини олиш омилларига бағишланган тадбирлар уюштирдик. Учрашув ва давра суҳбатларида фуқароларга ҳайвонлар тишлаганда, жароҳат олганда зудлик билан "тез тиббий ёрдам"га мурожаат қилишлари лозимлигини тушунтириб бордик. Туман ҳокимлиги томонидан олдимизга қўйилган долзарб вазифаларни бажариш учун бундан буён ҳам фаол ҳаракат қилаверамиз.

Ботиржон БАЗАРБАЕВ,

Давлатобод тумани СЭО ва ЖС бўлими

врач-эпидемиологи.