Гиёҳвандлик - жамият учун ўта ва хавфли иллат. Унинг домига тушганларгина эмас, ўша кимсанинг оиласидагиларгача жабр кўради. Энг ёмони унга ўрганганлар ундан осонгина қутулиша олмайди, ҳам тани, ҳам руҳи азобга гирифтор бўлиб тураверади. Шунинг учун гиёҳванд моддаларнинг зиён-заҳмати тўғрисида мутахассис билан мулоқот қилдик. Бундан мақсад соғлом турмушнинг энг ёвуз душмани хавфидан одамларни огоҳ этиш. Суҳбатдошимиз вилоят наркология диспансерининг олий тоифали шифокори Жамолхон ШЕРАЛИЕВ.

- Аср вабосига тенглаштириладиган гиёҳвандлик баъзиларнинг ҳаётини бутунлай издан чиқариб юборади. Уларнинг аянчли аҳволини кўриб ачинамиз. Тўғриси, ёшлар билиб-билмай бу йўлга қадам қўйиб қўядилар. Охир-оқибат қисқа лаҳзалик сархушлик узоқ муддатли азоб-уқубатга етаклайди. Сиз, аввало, наркомания сўзининг маъно-моҳиятини, наркотик моддалар зарарини тушунтириб ўтсангиз?

- Наркомания - юнонча сўз бўлиб, нарко - карахтлик, маъния - хоҳиш, интилиш маъносини билдиради. Агар тарихий маълумотларга асослансак, психофаол таъсир кучига эга кўкнори ўсимлигидан илк бор Ироқ мамлакатида фойдаланилган. Кейин Европага ёйилган. Айниқса, фолбинлар гиёҳванд моддалардан дори-дармонлар тайёрлашиб, инсонлар онгига таъсир ўтказишга интилганлар.

Эндиликда жаҳон бўйича гиёҳванд моддаларнинг бир неча турлари мавжуд. Канопнинг ҳар хил навлари, опиум-афюн наркотиклари, психостимуляторлар, тинчлантирувчи ва ухлатувчи дори воситалари ва галлюцеиногенлар ана шулар жумласидандир. Энг кўп учрайдигани наша типидагилар бўлиб, уларга марихуана, гашиш, банг, хусус, план, харас, дагга киради.

Наша таркибидаги ароматик альдегид - каннабинол мастлик ҳолатини юзага келтиради. Нашани чекиш, чайнаш ва ичиш орқали қабул қилишади. Таъсири тезда намоёнланади, яъни 15 - 30 дақиқадан кейин кучини кўрсатади.

- Ҳозирда дорихоналарда таркибида гиёҳванд модда бўлган таблеткаларнинг сотуви қулоғимизга чалиниб қолади. Тўғри, улар беморлар учун врачларнинг тавсияси билан сотилар, бироқ буни айрим ёшлар ўзининг соғлиғига фойдасидан кўра зиё­ни катталигини унутиб, гиёҳвандлик нафсини қондиришларига қулай имконият деб ҳисоблашаётганга ўхшайди.

- Гапингизда жон бор. Баъзи ёшлар дорихоналардаги наркотикли дориларни харид қилишга уринишади. Масалан, "Лирика"нинг номиёқ киши эътиборини тортади. Бу дорининг қиммат эмаслиги ва қонуний ҳолатда сотувда мавжудлиги гиёҳванд харидор учун айни муддао. Таблетка аввалига ҳуш кайфият уйғотиши мумкину, бироқ салбий оқибатларга олиб боради. Унга ўрганиб қолган кимса ўз жонига жабр қилади.

Яна машҳур дорилар қаторида "Селафан" туради. У "Селофен" ва "Залеплон"нинг жаргон номи, янаям аниқроғи, гиёҳвандлар тилидаги атамаси. Бу дори уйқу табилеткаси бўлса-да бора-бора одамни мангуга кўз юмишига гирифтор этиш ҳавфи кучли. Ўлдирмагандаям умрини баттар азоб-уқубатга дучор қилади. Шунинг учун соғлом одам "Лирика" ва "Селафан"­дан йироқ юриши шарт.

- Нега ёшлар ўртасида гиёҳвандлик кўпроқ кузатилади? Сабаблари қандай?

- Статистик маълумотлар ҳозирги пайтда ер юзида гиёҳвандлик касалига мубталолар сони 200 миллиондан ортиб кетганини билдирмоқда. Уларнинг 80 фоизи 20 ёшдан 35 ёшгача бўлганлардир. Энг ачинарлиси, сўнгги ўн йилликда гиёҳвандлар ичида ҳатто 12-15 ёшли ўсмирларнинг борлигидир. Сабабларига келсак, аниқ айтишимиз мумкин: айни шу ёшдаги ўсмирларда барча янги нарсаларни ўзида синаб кўриш истаги кучаяди. Улар ўта ишонувчан ва ўзгалар таъсирига тез берилувчан бўлишади. Бундан гиёҳванд моддалар билан савдо қилувчилар усталик билан фойдаланишади. Биринчи марта гиёҳванд моддани истеъмол қилиш ёшлар учун жуда қизиқарли туюлади. Кейин такрор равишда бу ишга қўл уришади. Шундай қилиб, улар аста-секин гиёҳванд моддаларсиз тура олмайдиган бўлиб қолишади.

- Чекиш ва бошқа зарарли одатларга ружу қўйганлар соғлиқларига қандай зиён етказишади?

- Бундай ёшларнинг руҳиятида жиддий салбий ўзгаришлар юзаланади. Яъни кўриш ва эшитиш сусая боради. Юрак қон томирлари хас­таланади. Жигар хужайралари шикастлана бошлайди. Уйқусизлик, ҳолсизлик, иштаҳа йўқолиши, томирлари бўртиши ва бутун танасининг қақшаб оғриши кузатилади. Ана шундай аҳволда наркотик оғуни олиш учун улар ўзларини ўтдан-чўққа уришдан ҳам асло тап тортишмайди.

- Гиёҳвандларни қандай танишимиз ва аниқлашимиз мумкин?

- Нашавандлар тезда ўзларини фош этиб қўйишади. Одатда наша таъсирига ташна бўлиш, очлик, шиллиқ пардаларнинг бироз қуриши билан бошланади, сўнг баданга иссиқ югуради ва бутун танага ёйилиб, енгил тортиш, вазнсизлик ривожланади. Ирғишлаш, рақсга тутиш хоҳиши пайдо бўлади, одам кўп кулади. Ҳаракатланиш, гавда ҳолатини сал ўзгартириш бетўхтов кулгуга олиб боради. Фикрлаш тезлашади - "қуйилиб келади", сўзлари кўпаяди, пала-партиш гапиради, аниқ фикрни ифода этолмайди. Янада қизиғи, нашаванд атрофдагилар у билан биргаликда қувонмаётганидан таажжубга тушади, жаҳлланади. Бетўхтов фантазиялар ва иллюзиялар ичида "яшайди". Бутун борлиқ кўз ўнггида ранго-ранг тусланади. Товушлар гувуллаб эшитилади. Бу ҳолатлар наша мастлигининг биринчи қўзғалиш босқичига тааллуқли. Кейин эса тушкунлик фазасига ўтади. Атроф муҳит аста-секин ўзгара бошлайди, ранглар хира тортади, иллюзиялар йўқолади. Фикр­лаш кескин сусаяди, қўрқув пайдо бўлади, кайфият бузилади. Агар нашавандликдан қутулишга ҳаракат қилишмаса, 2 - 6 ой ичида психик астения келиб чиқади, таъқибланиш ва васваса бошланади. Кейин эса...

- Ҳа, ғоят аянчли ҳол. Ахир инсон ўзини-ўзи хароб қилар экан-да.

- Худди шундай. Лекин ўлимдан бошқасининг иложи бор деганларидек гиёҳванд кимсаларни ҳам даволаб, илгариги соғлом турмуш тарзига қайтаришнинг гарчи қийин бўлса-да иложи топилади. Бизнинг диспансеримизда ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва заҳарвандликка чалинганлар қатъий режим ва муолажа давомида даволанадилар. Бундай беморлар даволаниши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Мажбурий даволаш бўлими ва реаблитация пункти мунтазам фаолиятда.

Вилоятимизда бу иллатга қарши изчил курашиб келинмоқда. Тиббий профилактика ва тарғибот тобора кучайтириляпти. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари гиёҳванд моддаларнинг яширин савдосига бутунлай чек қўйиш мақсадида тизимли иш олиб бормоқда. Жиноятчиларга нисбатан қонуний жазо чоралари қўлланилмоқда.

Гиёҳвандлик бора-бора инсонни ақлдан оздиради, ҳаётни фожеага айлантиради. Бу йўлдан вақтида қайтмаганларнинг умри эрта тугайди. Шундай экан, бир марталик бетакрор тириклик неъмати қадрига етишлик шарт. Гўзал ҳаётнинг завқу шавқини қўлдан бой бермай, ҳузур-ҳаловатли турмушга путур етказмай яшалса, бахту иқбол ҳеч қачон, ҳеч кимдан юз ўгирмайди.

Соғлом яшаб, эл-юрт равнақи йўлида ҳалол ва фаол меҳнат қилишга нима етсин...

Содиқ САЙҲУН.