Гиёҳвандликнинг олдини олишда авваламбор, тарбия катта аҳамиятга эгадир. Фарзанд тарбияси қачондан бошланиши керак? - деган саволга кўпчилик "болаликдан" дея жавоб беради. Аслида эса, бу жараён чақалоқ дунёга келишидан аввал кечиши лозим. Бўлажак ота-она фарзандини моддий ҳамда маънавий жиҳатдан тарбиялашга қодир бўлиши керак.

Ҳомила тўғри ривожланиши учун она асабийлашмаслиги, табиат қўйнига бориб гўзал манзараларни кўриши, китоблар мутоала қилиши, вақти-вақти билан дам олиб туриши ва албатта соғлом овқатланиши    зарур.

Бола туғилиши билан уни дарҳол ўз онасининг бағрига қўйилиши бежиз эмас. Шу пайтдан бошлаб бола билан она орасидаги меҳр туйғулари шаклланади. Болага чақалоқлик давриданоқ катта одам билан гаплашгандек мурожаат қилиш керак экан.

Болалар тарбиясида улар билан суҳбатлашиш, ҳамма саволларига жавоб бериш, руҳан қувватлаб туриш ғоят муҳим. Агар оилада фарзанд тарбиясига вақт ажратилмаса унда бола кўчадаги одамлардан руҳий таянч қидиради. Ана шу пайтда унинг гиёҳвандларнинг домига тушиб қолмаслигига ким кафолат беради.

Ўсмирлик даврида болалар катта эътибор талаб қилади. Ота-онанинг меҳрига, суҳбатига, маслаҳатларига муҳтож бўладилар. Ўғлингиз ёки қизингизни асло камситмасдан, у билан дўстлашиб, муаммоларини ечишига кўмакдош бўлишингиз зарур.

Ҳеч қачон бўш вақти бўлмасин, ҳар бир дақиқанинг қадрлилигини унинг онгига сингдириб бориш керак. Фарзанд меҳнатсевар бўлиши учун уни ҳар хил юмушлар билан банд қилиш ва албатта, спорт маш­ғулотларига жалб этиш мақсадга мувофиқдир. Шунда ундан иродали, соғлом фикрлайдиган етук инсон шаклланади.

Фарзанд тарбиясида меъёр деган фикр ҳам шаклланиб бориши керак. Яъни фарзандингизни ҳар бир айтганини дарҳол бажариш ёки жудаям эркалатиб юбориш ҳам нотўғридир. Гиёҳвандлик билан шуғулланувчи шум ниятли кимсалар шунақа "эркатой" фарзандларни йўлдан уришга интилишади. Қармоққа тушган бола эса ўша хонадоннинг баракасини ўчиради. Ота-она эса фарзанд доғида куйиб қолиши ҳақиқат.

Ота-боболарнинг ютуқлари ҳақида гапириб бериш, давомчи сифатида ўрнак бўлиши кераклигини бола онгига сингдириш ҳам катта аҳамиятга эга. Одам учун ҳар доим иккита йўл борлиги: биринчиси осон, лекин охири ёмон. Иккинчиси қийин, лекин охири туганмас яхшилигини тушунтириб бориш керак.

Инсон бахтли бўлиши учун энг аввало билим олишга интилиши, меҳнатда тобланиши, ўз орзу ниятларига етишишига ишониши керак! Поклик ва ҳалоллик, фидоийлик ва меҳнатсеварлик фазилатларига эга бўлиш, зарарли одатлардан нари юриш, соғ­лом турмуш тарзи талабларига риоя этиш даркор. Бахт - бу, бахтсизликни енгишдир!

Улуғбек БОТИРОВ,

Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти

вилоят филиали директори.

Ранета АБДУВАЛИЕВА,

Соғлом турмуш тарзи бўлими ҳамшираси.