Тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш бугун долзарб аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, хусусий секторда ҳам даволаш ва диагностика ишлари юқори даражага кўтарилиб бормоқда. Янги Наманган туманининг "Фурқат" маҳалласи ҳудудида фаолиятини бошлаган замонавий диагностика марказида яратилган имкониятлар фикримизнинг яққол далилидир.

Энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар билан таъминланган марказ биноси тадбиркор Хуршидбек Жуматаевнинг саъй-ҳаракати билан қуриб битказилди. Янги тиббиёт маскани "Саноат-қурилиш банк" вилоят филиалидан олинган 1 миллиард 600 миллион сўм кредит ҳамда тадбиркорнинг 3 миллиард сўмдан зиёд шахсий маблағи ҳисобидан барпо этилди ва жиҳозланди.

- Мақсадимиз аҳолига сифатли, арзон нархларда тиббий хизмат кўрсатиш. Бунинг учун барча қулай шароитларни яратдик, - дейди ишбилармон Х. Жуматаев.

Шаҳримизнинг энг гавжум ва серқатнов қисмида жойлашган мазкур диагностика марказида вилоятимиз аҳолиси учун 5 турдаги - лаборатория таҳлили, ЭКГ, УЗИ ва физиотерапия сингари тиббий хизматлар кўрсатилади.

Бу ерда 2 нафар юқори малакали шифокор, 9 нафар ўрта ва кичик тиббиёт ходими фаолият олиб боради. Умуман 25 нафар фуқаро ишли бўлди.

Янги нодавлат тиббиёт муассасаси очилиш маросимида туман ҳокими Жобирхон Абдуллаев ва сектор раҳбарлари қатнашишди. Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, фахрий ва тажрибали тиббиёт ходимларининг иштироки эса тақдимотга янада файз бағишлади.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ.