навбатдаги семинар-тренинг шу мавзуга қаратилди
Кейинги пайтларда гендер тенгликни таъминлаш, жамиятда аёлларга бўлаётган зўравонликларга қарши курашиш бўйича зарур амалий ишлар олиб борилмоқда. Биргина мисол, 7 - 8 февраль кунлари Наманган шаҳридаги вилоят перинатал марказида "Гендер зўравонлик" мавзусида икки кунлик семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбирда шаҳар ва туманларнинг туғруқ бўлимларидан 22 нафар акушер-гинекологлар қатнашди.
Унда асосан гендер зўравонликка жавобан ҳуқуқий, психологик, ижтимоий ва тиббий хизматларни тақдим этишда стандарт операцион иш тартибларини амалиётга тадбиқ этиш бўйича мутахассис ва тадбир ташкилотчилари томонидан тушунчалар берилди.
Семинар-тренинг машғулотлари вилоят перинатал маркази акушер-гинекологлари - Шаҳноза Исмоилова ҳамда Дилфуза Маҳмудалиева томонидан олиб борилди.
Тадбирда сўз олган шифокор Шаҳноза Исмоилова мазкур анжуман бежиз ташкил этилмаётганини, жамиятимизнинг энг оғриқли нуқтасига айланган аёлларга бўлаётган зўравонликка чек қўйиш борасида Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилаётганини алоҳида таъкидлади.
- Семинардан мақсад ҳар бир шифокор ҳудудларда, жойларда ўтказиладиган тиббий текширув ва учрашувлар чоғида ёш оилаларга, келин-куёвларга зўравонлик, гендер тенглиги сингари тушунчаларни ҳаётий мисоллар билан етказиб бера олишларига эришишдир. Энг асосийси, семинар қатнашчилари ҳомила даврида аёлларга руҳий, жисмоний ўтказиладиган таъйзиқлар туғилажак боланинг саломатлиги учун салбий ҳолатларни юзага келтириши ҳақида ёш эру хотинларга батафсил тушунтиришлари керак. Бу билан кўнгилсиз иллатларнинг олди олинади, - дейди акушер-гинеколог Шаҳноза Исмоилова.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ.