ЭЛ ДАРДИГА ДАРМОН БЎЛМОҚ БУРЧИМИЗДИР

Эл дардига дармон бўлмоқ шифокорларнинг муқаддас бурчидир. Бу шарафли вазифа  "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да мамлакатимиз соғ­лиқни сақлаш тизими ходимларини фаол ҳамда самарали фаолият кўрсатишга ундамоқда. Зеро, эл саломатлигини янада мус­таҳкамлаш, касалликларни барвақт аниқлаш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлаш каби эзгу амаллар натижадорлигини ошириш билан юртдошларимизни тиббий хизматдан розилигига эришиш мумкин. Қолаверса, пандемия шароитида тизимли ва ҳамжиҳатлик билан иш ташкил қилиш, юқумли касаллик таҳдидидан халқимизни омон олиб чиқиш чораларини кўриш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бошчилигидаги Ишчи гуруҳ аъзолари Наманганга келишди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасалар фаолияти ўрганилди. Ҳудудларда тиббиёт ходимлари билан мулоқотлар қилинди. Жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида реконструкциядан сўнг яратилган шароитлар, амалиётга татбиқ этилаётган даволаш усуллари кўздан кечирилди. Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ва бошқа даволаш-профилактика муассасаларининг касалликлар профилактикаси ҳамда даволаш ишлари самарадорлигини ошириш борасидаги ишлари ўрганилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Ишчи гуруҳининг вилоят тиббиёти фаоллари ва аҳоли вакиллари билан учрашуви айниқса самарали кечди. Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов кириш сўзи билан очди. Мулоқотда соҳа олдида турган долзарб вазифалар, ечимини кутаётган муаммолар хусусида фикр юритилди.

- Давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш учун нима зарур бўлса барчаси муҳайё этиляпти. Аммо, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатидан ҳали қониқиш ҳосил қилишга эрта, - деди вазир. - Бунинг учун фаолиятга танқидий баҳо бериб, ҳар бир саломатлик посбони ўз вазифасига сидқил, виждонан ва масъулият билан ёндошиши лозим.

Тадбирда жаҳон аҳлини ташвишга солаётган коронавируснинг янги "омикрон" штамми юртимиздаги эпидемиологик вазиятга ҳам салбий таъсир ўтказаётганлиги таъкидланди. Гарчанд коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони кун сайин ортиб бораётган бўлса ҳам одамлар асло саросимага тушмасликлари лозимлиги уқтирилди. Ваҳимага ўрин йўқ. Чунки, касаллик енгил кечмоқда. Аммо, коронавирусдан сақланиш тартиб-қоидаларига қатъий амал қилиш тарғиботини сира бўшаштирмаслик керак.

Шу билан бирга касаллик тар­қалишининг олдини олиш, вакцинация жараёнини изчил давом эттириш, инфекция юқтирган беморларни тезкор ва самарали даволаш ғоят муҳим. Махсус поликлиникалар ташкил этиш ва уларнинг аҳолига мунтазам хизмат кўрсатиши таъминланиши зарур. Коронавирусга чалинганларни уй шароитида даволаш масаласига ҳам алоҳида урғу бермоқ даркор.

Учрашувда тиббиёт соҳасини "Инсон қадри учун" ғоясига хизмат қиладиган тизимга айлантириш бош мақсад эканлиги таъкидланди. Бунинг учун, аввало, бирламчи тиббиёт бўғини фаолияти янада такомиллаштирилади. Оилавий поликлиника ва қишлоқ шифокорлик пунктлари эрталаб очилиб, тушдан кейин фаолиятини якунлайдиган эмас, аксинча аҳолининг тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини узлуксиз таъминлайдиган тизимга айлантирилиши керак. Ҳозир бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Қолаверса, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам тизимида йўлга қў­йилган ягона диспетчерлик хизмати тажрибасини Наманган вилоятига ҳам татбиқ этиш мақсад қилинган. Ҳудудда юқори технологик тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш, соҳада хусусий сектор ривожини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Маълумки, айни пайтда Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтадиган "Ўзбекистон тиббиёти-инсон қадри учун" мавзуидаги очиқ мулоқотига тараддуд кўрилмоқда. Тадбирда 1295 рақамига Наманган вилоятидан 1800 тага яқин таклиф ва ташаббус йўлланганлиги қайд этилиб, бу бошқа ҳудудларга қараганда анча юқори натижа эканлиги айтилди.

Шундан 1200 га яқини тиббиёт ходимлари томонидан баён этилганлиги уларнинг фаоллигидан, соҳа тараққиёти учун жонкуярлик қилаётганлигидан далолатдир.

Вазир таклиф ҳамда мурожаат йўллаган аҳоли вакиллари ва соғ­лиқни сақлаш ходимларининг сўзларини тинглади. 39 киши микрофон олдига келиб, олға сураётган ғоя ва мақсадларини изоҳлаб берди. Мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида фикрлашилди.

Соҳа ишини янада такомиллаштириш, кадрлар малакасини ошириш, тиббиёт ходимларини рағбатлантириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари салмоғини ошириш, қурилиш-таъмирлаш ишлари кўламини кенгайтириш, ижтимоий-тиббий хизматга муҳтож инсонларга кўмак бериш ва бошқа масалалар шулар жумласидандир.

Учрашувда 23 нафар тиббиёт ходими соҳа тизим фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ таклифларни ўртага ташлади. Жумладан, Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири Жавлон Бойматов шифокорларнинг илмий даражасига қараб ҳақ тўлаш, Норин туманидаги 16-оила поликлиникаси мудири Маъмура Назарова оилавий поликлиникаларни физиотерапевтик тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, Наманган шаҳар марказий туғруқ комплекси шифокори Тошпўлат Абдукаримов оналик ва болалик муҳофазаси, аёлларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш каби таклиф ва мулоҳазалар билан чиқдилар.

Очиқ мулоқот чоғида фуқароларнинг мурожаатлари ҳам эшитилди. Сўз олганлар ҳудудларда янги оила поликлиникалари ва оилавий шифокорлик пунктлари очиш зарурлигини таъкидлашди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар эса ўзларини ёки яқинлари саломатлигини тиклаш масаласида ёрдам сўрашди. Уларнинг талаб ва эҳтиёжлари қондирилди. Жумладан, уйчилик Матлуба Раҳимбердиеванинг уч нафар ногиронлиги бўлган ака ва сингиллари пойтахтимиздаги кўз касалликлари клиникасида даволанади. Янгиқўрғонлик фуқаро Рустам Лутфиллаев оғир касалликни енгиб, оёққа туришида фидойилик қилган шифокор Муҳаммадсодиқ Исоқовни рағбатлантириш масаласини илгари сурди.

Ишчи гуруҳи ўрганиши якунлари шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, вилоят даволаш-профилактика муассасалари, вилоят санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва унинг қуйи бўғинлари раҳбарлари иштирокидаги кенгайтирилган йиғилишда муҳокама этилди. Айрим тиббиёт муассасаларида йўл қў­йилаётган камчиликлар рўйи-рост очиб ташланди. Уларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилди. Соҳа ишини янги босқичга олиб чиқишга интилиш, тиббиёт ходимларининг эл саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш борасидаги масъулиятини ошириш, шунингдек, аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишга эришиш, хусусан вилоятдаги шифохоналарда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари салмоғини кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Шу билан бирга коронавирус инфекциясига қарши курашиш билан боғлиқ чора-тадбирларни кучайтириш, нодавлат тиббиёт муассасалари ишини тартибга солиш зарурлиги ҳам айтилди.

Хуллас, халқ билан юзма-юз мулоқотга чиққан вазирлик Ишчи гуруҳининг Наманганга ташрифи самарали якунланди. Соҳа олдида турган долзарб масалаларга ечим изланибгина қолмасдан, аҳоли вакилларини ташвишга солаётган қатор муаммолар тезкор равишда ҳал этилди. Нажот излаб келган инсонларнинг қувончдан дили яйради. Бу эса тизимда кечаётган янгиланиш жараёнининг умидбахш натижаларидан даракдир.

Абдулла ҒОЗИЕВ.