Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июлда имзолаган "Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5198-сонли қарори ижросини таъминлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Маълумки, ушбу ҳужжат иловасида "Марказларга ўқув ва консультация жараёнларига чет эл мутахассисларини жалб этиш ва маҳаллий мутахассисларни етакчи хорижий тиббиёт марказлари клиникаларида ўқитиш ва малакасини ошириш" вазифаси белгиланган эди. Шу асосда филиалимизда озарбайжонлик таниқли шифокорлар билан ҳамкорликда кенг қамровли илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йилнинг интиҳосида профессор Гурбанхан Муслимов Наманганда ўтказилган илмий-амалий анжуманда фаол иштирок этган эди.

Яқинда эса Боку шаҳридаги Марказий шифохонанинг Травматология ва ортопедия бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Элвиз Исмоил ўғли Гасимов иштирокида "Травматология ва ортопедияда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари" мавзусида "маҳорат дарси" ўтказилди.

Дастлаб, тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. РШТЁИМ Наманган филиали директори Аброржон Алижонов кириш сўзида мамлакатимизга ташриф буюрган меҳмонни самимий қутлар экан, Наманган вилояти соғлиқни сақлаш тизими ва жумладан, шошилинч тиббий ёрдам соҳасини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Носирбек Абдуллаханов юртимизда, хусусан, Наманганда тиббиёт соҳасини ривожлантиришга эътибор янада кучайтирилаётганлигини таъкидлади. Моҳир травматолог-ортопед, вертебролог Элвиз Исмоил ўғли Гасимов Озарбайжон ва Ўзбекистон Республикалари ўртасида тиббиёт соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик дои­раси тобора кенгайиб бораётганлигини мамнуният билан эътироф этди. У Наманган аҳли саломатлигини мустаҳкамлаш учун тиббий, амалий ёрдамга тайёрлигини алоҳида таъкидлаб, беморларни Наманганнинг ўзида соғайтириб, оиласи бағрига қайтариш учун баҳоли қудрат хизмат қилажагини, бор билими ва кучини асло аямаслигини айтди.

Анжуманга Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларидан 86 нафар шифокорлар таклиф этилган эди. Улар озарбайжонлик таниқли олимнинг "Умуртқа поғонаси, чаноқ-сон бўғими касалликлари ва периферик нерв толалари шикастларида инновацион, юқори технологик операциялар " мавзусидаги маърузасини тингладилар. "Маҳорат дарси" савол-жавоблар билан қизиқарли тарзда ўтди.

"Маҳорат дарси" режасига кўра, куннинг иккинчи ярмида Элвиз Исмоил ўғли томонидан 31 ёшли беморда "Қўшма шикаст, бош мия ёпиқ шикасти, бош мия чайқалиши, ўнг ўмров суяги ўрта 1/3 қисмидан ёпиқ майдаланиб синиши" диагнози(ташхиси)га мувофиқ равишда "Ўнг ўмров суягини очиқ экстрамедулляр LCP пластинкаси билан остеосинтези операцияси амалга оширилди. Жарроҳлик амалиёти залдаги анжуман қатнашчиларига тўғридан-тўғри транслация қилинди. Маҳаллий шифокорлар шу тариқа яна бир мурраккаб технологик жарроҳлик амалиётини қандай ўтказиш мумкинлиги сабоғини олдилар. Бу эса илмий-амалий фаолият самарадорлигини оширишда беҳад муҳим аҳамият касб этади.

Баркамол ИСҲОҚОВ,

РШТЁИМ Наманган филиали юқори технологик шошилинч

хирургия илмий лабораторияси раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди.