Ёхуд аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади ва асосий вазифалари
Барчамизга маълумки, халқ давлат ҳокимиятининг асосий манбаидир. Шундай экан аҳолининг ёши, жинси, миллий таркиби, маълумот даражаси, оилавий ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари ҳақидаги маълумотларининг доимий янгилаб борилиши муҳим омил ҳисобланади. Бундай аниқ ва яхлит маълумотлар эса аҳолини рўйхатга олиш асосида яратилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 710-сонли қарорига мувофиқ, республикамизда 2023 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. Бунга асосий сабаблар сифатида қуйидаги омилларни кўрсатиб ўтиш мумкин.
Жумладан, мамлакатимизда мустақиллик даврида бирор марта бу жараён ўтказилмаган. Бундай саноқ сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида, аниқроғи, 1989 йилда ўтказилган эди. Маълумки, БМТнинг 2015 йил 10 июндаги "2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар" резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан, БМТга аъзо давлатлар камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган. Ҳолбуки, халқаро тажрибадан маълум, кўпгина мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш тадбири камида ҳар ўн йилда бир маротаба ташкиллаштирилиши анъанага айланган.
Мазкур тадбир орқали биз қандай натижалар оламиз?
Биринчидан, аҳолининг демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш орқали келгуси йиллар ривожланишнинг прогноз кўрсаткичлари ҳақида маълумотлар шакллантирилади ҳамда аҳоли миграцияси тенденциялари кузатиб борилади.
Иккинчидан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот тарзида фойдаланилади.
Учинчидан, Ўзбекистоннинг мукаммал кадастр харитаси яратилади. Яъни аҳолини рўйхатга олиш баробарида яна бир муҳим вазифа - ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш билан боғлиқ масалага ҳам ечим топилади. Турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтаб бўлган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларни қуриш ва таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади.
Рўйхатга олиш жараёни уч босқичда амалга оширилиб, биринчи босқич тайёргарлик босқичи бўлиб, уч йилга яқин вақт давом этади. Иккинчиси, асосий босқич бўлиб, бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, Сўнгги босқич қарийб уч йил давом этиб, олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил қилиниб, натижалар эълон қилинади.
Рўйхатга олиш натижасида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади. Яъни бундан бу ёғига қоғозбозликдан воз кечиб, замонавий технологияларни жорий этишга эътибор қаратилади.
Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотларни уч тилда эълон қилиниши кўзда тутилган ҳамда якуний маълумотларини архивда сақлашга тайёрлаш муддати 2025 йил 1 декабрга қадар, деб кўрсатилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳозирги пайтда дунёнинг деярли барча давлатларида аҳолини руйхатга олиш ишлар олиб борилмоқда, ушбу жараённи муваффаққиятли ва тўлақонли бажариш билан биргаликда республикамизнинг ҳар бир аҳоли пунктлари бўйича ягона ахборот базаси яратилишига эришилади.
Элёр ТОШМАТОВ,
Наманган шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.