Абдулҳоди ИМИНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.
Эзгу ниятлар билан Янги йилни кутиб олдик. Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил - "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" деб эълон қилинди. Жорий йилга бундай ном берилишида катта маъно мужассам. Зеро, кейинги йилларда инсон манфаатларини кўзлаб, азиз гўша - маҳаллаларни обод қилишга доир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Эндиликда аҳоли турмуш фаровонлиги янада юксалтирилиб, бунёдкорлик, яратувчилик борасидаги саъй-ҳаракатлар тобора жадаллашади.
Янги йилда тиббиётчилар олдида ҳам жуда масъулиятли ва янада долзарб вазифалар турибди. Булар 2022 йилга мўлжалланган режамизда ўз ифодасини топган. Аввало, соҳа фаолияти натижадорлигини янги босқичга олиб чиқиш учун ўтган йили бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз. Қолаверса, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тўхтовсиз яхшилаш устувор мақсадимизга айланган.
Маълумки, ихтисослаштирилган тиббий хизматни муттасил ривожлантиришга қаратилган интилишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Шу боис Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 14 та минтақавий филиаллари фаолиятини янада жонлантириш, бу билан аҳолига кўрсатиладиган юқори технологик тиббий амалиётлар ҳажмини ошириш белгиланган. Бинобарин, телемедицина имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида урғу берилади. Яъни, Республика тиббиёт марказлари билан бевосита боғланиш ва ушбу марказлардаги мураккаб жарроҳлик жараёнлари, диагностика ва даволаш услубларини вилоят, туман ҳамда шаҳар шифохоналарига транслация қилиш чоралари кўрилади.
Давр шиддат билан ўзгариб бормоқда. Кечаги янгилик - бугунга келиб эскириб қолаётгани ҳам ҳаётий ҳақиқат. Шунинг учун жаҳон тиббиётида татбиқ этилаётган ютуқларни тезкор ўзлаштирмасдан туриб соғлиқни сақлаш тизими ишини юқори босқичга кўтариб бўлмайди. Шуни назарда тутиб, Германия, Россия Федерацияси ва бошқа давлатлар етакчи тиббий клиникалари ва марказларидан таниқли мутахассисларни Наманганга таклиф этиб, тренинг ва маҳорат дарсларини ўтказиш, биргаликда жарроҳлик амалиётларини ташкиллаштириш ишлари фаол олиб борилади.
Вилоятимиз шифокорларини чет элларда ўқитиш ва малакасини ошириш тадбирлари кўлами ҳам кенгайтирилади. Чунончи, 50 нафарга яқин шифокорларимиз Туркия ва бошқа давлатлардаги машҳур клиникаларга тажриба алмашиш ва малака ошириш учун юборилади. Улардан 4 нафари эса хориждаги энг нуфузли тиббиёт марказларида кардиология ва эндокринология соҳалари бўйича билим ва касбий кўникмаларини бойитадилар.
Ўтган йилги тажрибага асосан бирламчи тиббий - санитария ёрдами кўрсатиш ишлари ҳам муттасил такомиллаштирлади. Чунки, касалликлар профилактикасини кучайтириш, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни ошириш орқали аҳоли саломатлик кўрсаткичларини сезиларли яхшилашда бирламчи бўғиннинг ўрни беқиёс. Бундан буён такомиллаштирилган тиббий профилактика ва индивидуал прогрессив патронаж ишлари жорий этилади. Яна бир янгилик - профилактик кўриклар ўрнига ҳудуднинг ўзига хос ҳусусиятлари, аҳолининг тегишли гуруҳга мансублигидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича мунтазам тиббий скрининглар ўтказиш йўлга қўйилади.
Қайд этиш жоизки, 2022 йилда вилоятда яна 8 та оилавий шифокорлик пункти фаолиятини қайта тиклаш ва 2 та оила поликлиникаси биносини қуриб, ишга тушириш мўлжалланмоқда.
Халқимизда "Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур" деган нақл бор. Оналик ва болалик муҳофазасига доир фаолият даражасини ошириш, аҳоли генафондини яхшилаш ва соғлом авлод туғилиши учун зарур шароитлар яратиш ҳар доимгидек биринчи галдаги вазифалар қаторида туради. Туғруқ ва болалар даволаш-профилактика муассасаларида оналар ҳамда болаларга кўрсатиладиган тиббий хизматни замонавий технологияларга асосланган ҳолда юқори малакада кенг кўламда ташкил этишга устувор аҳамият қаратилади.
Касалликни даволагандан кўра, уни юқтирмасликка эришиш афзал. Бунинг учун соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш жуда муҳимдир. Вилоятимизда юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда уларнинг хавф омилларининг олдини олиш, даволаш ва назорат қилиш, барвақт ўлим ва касалланишни камайтириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда нафақат маҳаллаларда, балки олий ва ўрта махсус таълим, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга оид тадбирлар, савол-жавоб кечалари, "Намунали маҳалла" ва "Намунали оила" танловлари ўтказилади.
2022 йил - соғлиқни сақлаш тизими моддий-техник имкониятларини яхшилаш ва соҳани рақамлаштиришда ўзига хос давр бўлади. Инвестиция дастури асосида кўплаб тиббиёт муассасалари бино ва иншоотлари таъмирланади ҳамда реконструкция қилинади. "Электрон поликлиника" автоматлаштирилган ахборот тизими барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига жорий этилиши таъминланади. Умуман, соғлиқни сақлаш соҳаси фаолиятининг яна қатор йўналишларини рақамлаштириш чоралари кўрилади.
Режаларимиз қамровидан вилоятда хусусий тиббиётни ривожлантиришга оид лойиҳалар ҳам ўрин олган. Яъни, бу йил яна 28 та янги нодавлат тиббиёт муассасасининг очилиши, улардаги хизмат турларини янада кўпайтириш, тиббий туризмни ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик, аутсорсинг асосидаги фаолиятни кенгайтириш, соҳага чет эл инвестицияларини жалб этиш салмоғини ошириш каби аниқ ва улуғвор мақсадлар кўзланган.
Дарҳақиқат, жорий йил барча соҳаларда бўлгани каби, тиббиётни янада равнақ топтиришда ҳам кескин бурилиш йили бўлади. Бу қутлуғ режалар рўёбини таъминлаш эса ҳар бир саломатлик посбонидан янада қатъият ва масъулият билан фаол иш юритишни талаб этади. Вилоятимиз соғлиқни сақлаш ходимлари зиммаларидаги ғоят муҳим ва шарафли вазифалар ижроси йўлида фидойилик намуналарини кўрсатиб, халқимизни тиббий хизматдан рози қилишга эришишларига ишончимиз комил.