Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6110-сон Фармонида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан изчил иш олиб борилмоқда.

Бинобарин, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктларини намунавий муассасага айлантириш чоралари кўрилмоқда. Шуниси аҳамиятлики, бу жараён танлов асосида ташкил этилган.

Ишлаб чиқилган мезонлар асосида 2021 йилда барча туманларда бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Янги йил арафасида Ишчи гуруҳи томонидан фаолиятини намунавий даражага кўтариш учун танлаб олинган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг иш натижалари ўрганиб чиқилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда сезиларли ўзгаришлар ясаган оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктлари мукофотлашга тавсия этилди.

Мингбулоқ туманидаги 9-оила поликлиникаси, Косонсой туманидаги 5-оила поликлиникаси, Норин туманидаги 16-, 19-оила поликлиникалари ва "Гулистон" оилавий шифокорлик пункти, Тўрақўрғон туманидаги "Гул­қишлоқ" ва "Шоҳидон" оилавий шифокорлик пунктлари, Уйчи туманидаги "Ёркатай" оилавий шифокорлик пункти, Чуст туманидаги 43-оила поликлиникаси ва "Тоймас" оилавий шифокорлик пункти, Янгиқўрғон туманидаги 59-оила поликлиникаси ва "Ровут" оилавий шифокорлик пунктлари шулар жумласидандир. Мазкур бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари мудирлари қимматбаҳо сов­ғалар билан тақдирландилар.

Оила поликлиникалари ва оилавий шифокорлик пунктларини намунавий мезонлар асосида шакллантиришда амалий кўмак беришдаги фаоллиги учун вилоят наркология диспансерига танлов ғолиби сифатида "Дамас" автомашинаси, иккинчи ўрин соҳиби - Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалига компьютер жамланмаси ҳамда учинчи ўрин эгаси - вилоят ОИТСга қарши курашиш марказига ноутбук тантанали равишда топширилди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.