Янгиқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасининг ўттиз уч йилдан буён бор билим ва маҳоратини элу улус саломатлиги йўлига бахш этаётган умумий амалиёт шифокори Раънохон Жаназақова ҳамда "Ибрат" маҳалласида ўн саккиз йилдан бери жонбозлик кўрсатиб келаётган патронаж ҳамшираси Машҳура Юсупова эл ардоғига сазовор бўлаётган нажоткорлардир.

- Беш юз қирқта хонадондаги 3500 нафар аҳолига хизмат кўрсатаман, - дейди олий тоифали врач Р. Жаназақова. - Ҳар бир хонадон ва унда яшайдиган барча фуқаролар оилам аъзоларидай қадрон бўлиб қолишган. Белгиланган тартибда, зарур ҳолларда ҳар куни хонадонларга бориб, керакли муолажалар қилиб, зарур маслаҳат ва йўл-йўриқлар берамиз. Тумандошларимизнинг касалликка чалинмасликларининг олдини олиш мақсадида ҳар бир хонадонда спорт билан шуғулланиш ва кунига энг камида 5 минг қадам пиёда юриш энг оддий йўл эканлигини тушунтириб боряпмиз. Бу эса кутилган натижани беряпти. Шунингдек, вакцина олиш беморликка чалинмасликнинг биринчи омили эканлиги ҳақида ҳам кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб боряпмиз.

- Яқин - яқингача аксарият беморлар муолажа учун дори-дармонларни ўз ҳисобларидан сотиб олишарди, - дейди биз билан суҳбатда ҳамшира М. Юсупова,- Энди бўлса 66 турдаги дори воситалари давлатимиз томонидан бепул бериляпти. Президентимиз томонидан халқни тиббий хизматдан рози қилиш бўйича олдимизга қўйилган вазифани мукаммал бажариш ҳаракатида астойдил ишлаяпмиз.

Айни дамда туман марказий шифохонасининг қайси бўлими ёки қайси ҳудудига борманг, оқ халатли нажоткорларнинг эл саломатлиги йўлида якдиллик ва бедорлик билан фаолият юритаётганларига гувоҳ бўласиз. Табиийки, Р. Жаназақова ва М. Юсупова каби касбига садоқатли, беморларга меҳрибон, изланувчан ва одамларга қайта ҳаёт бахш этиш йўлида виждонан меҳнат қилаётганлар бор жойда ютуқлар салмоғи ҳам ортаверади.

Қамбар ҲАЙДАР,

Янгиқўрғон тумани.