Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда фан ютуқлари билан бирга халқаро миқёсда эътироф этилган тажрибаларни фаолиятга изчил татбиқ этиш ғоят муҳимдир. Бинобарин, бу мақсадга мамлакатимиз шифокорларини чет элдаги етакчи клиникаларда малакасини ошириш ва республикамиздаги марказлар ўқув ва маслаҳат жараёнларига тиббиёти ривожланган давлатлар мутахассисларини жалб этиш орқали эришилиши табиий.
Янги йил арафасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиалида Ҳиндистон ва Озарбайжондан келган таниқли олимлар ва мутахассислар иштирокида ўтказилган анжуман бу борада қўйилган муҳим қадам бўлди. "Юқори технологик ва минимал инвазив хирургия" мавзусидаги маҳорат дарсларини нафақат вилоятимиз, балки Андижон ва Фарғона вилоятларидан таклиф этилган юз нафардан зиёд жарроҳлар кузатиб бордилар.
Анжуманни вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев кириш сўзи билан очиб берди. У вилоятимизда соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини янги босқичга кўтариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб, кейинги йилларда хориж клиникалари билан ҳамкорлик доираси кенгайганини айтиб, Наманганда ўтаётган илмий-амалий анжуман ҳам ижобий натижалар беришига умид билдирди.
Озарбайжон Республикаси академик М. Топчубашов номли Хирургия илмий маркази жигар, ўт пуфаги йўллари ва ошқозон ости бези жарроҳлиги бўлимининг катта илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гурбанхон Муслимов, Ҳиндистоннинг Svast Inc госпитали ижрочи вице-президенти, доктор Ашок Вардхан Чордиа, Fortis & Apollo госпиталининг жигар, ўт йўллари, ошқозон бези, ошқозон-ичак йўллари онкологияси ва жарроҳлиги бўйича мутахассиси, Ҳиндистонда ўтказилган биринчи жигар трансплантацияси амалиётида иштирок этган профессор, доктор Капали Нееламегамлар Ўзбекистон билан тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикр юритдилар.
Шундан кейин илмий-амалий анжуманнинг назарий қисми бошланди. Унда озарбайжонлик профессор Гурбанхан Муслимов "Лапароскопик жарроҳликнинг истиқболлари", ҳиндистонлик профессор Капали Нееламегам эса "Ошқозон-ичак йўллари ўсмалари ва жигар резакцияси" мавзуида маъруза қилдилар. Савол-жавоблар чоғида жарроҳлик амалиётларини ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан батафсил тушунча берилди.
Анжуманнинг навбатдаги қисми маҳорат дарси сифатида кечди. Куннинг иккинчи ярмида профессор Гурбанхан Муслимов томонидан РШТЁИМ Наманган филиалида 39 ёшли бемор М. Жўраевани безовта қилаётган касаллик - диафрагманинг қизил ўнгач тешиги гигант чурраси лапароскопик амалиёт - Ниссен усулидаги фундопликацияси воситасида муваффақиятли бажарилди. Операция жараёнлари залдаги анжуман қатнашчиларига тўғридан-тўғри олиб кўрсатилди.
- Лапароскопик усулдаги юқори тенологик операциялар илк бора ўтказилди. Келажакда бу амалиётнинг бошқа хасталикларда қўллаш ниятидамиз, - дейди РШТЁИМ вилоят филиали директори Аброржон Алижонов.
"Маҳорат дарслари" режасига кўра юқори технологик жарроҳлик амалиётлари эртасига ҳам давом эттирилди. Бемор А. Усмонов, М. Усмонов, Р. Шариповларда диафрагмал чурралар, талоқ эхинококкози, алиментар семизлик касалликлари бўйича мураккаб лапароскопик амалиётлар ўтказилди.
Анжуман иштирокчиси, РШТЁИМ Наманган филиали юқори технологик шошилинч жарроҳлик илмий лабораторияси раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Баркамол Исҳоқовнинг таъкидлашича, келгусида Боку илмий марказидаги мураккаб жарроҳлик амалиётларини Интернет тармоғи воситасида кузатиш орқали ҳам тажрибани бойитиб бориш ёки Наманганда ўтказилаётган юқори технологик операциялар даврида хориждаги малакали мутахассислардан маслаҳатлар олиб туриш имконияти вужудга келади.
- Германиядаги машҳур клиникаларда ишлаб, катта тажриба тўплаганман. Ўзбекистонлик мутахассислар билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Илмий салоҳиятимни, касбий маҳоратимни наманганлик ҳамкасбларимга ўргатиш мақсадида юртингизга келдим, - дейди профессор Гурбанхан Муслимов. - Илмий-амалий анжуман дастурига мувофиқ ўта нозик лапароскопик жарроҳлик амалиётларини маҳаллий жарроҳларга кўрсатиб бердим. Ҳамкорлигимиз бу билан якунига етмайди. Вилоят ҳокими қабулида, Наманган давлат университетига ташриф чоғида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини татбиқ этиш ва тиббий таълим соҳасида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш хусусида келишиб олдик. Янги - 2022 йилда янада улкан режалар белгилаганмиз. Мақсадимиз - жаҳонда, Европада қўлланилаётган энг янги ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини Наманганда татбиқ этиш орқали халқингиз саломатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан иборатдир.
Дарҳақиқат, фаолиятни такомиллаштириш сари изчил саъй-ҳаракатлар тиббий хизмат кўрсатиш, даволаш ишлари даражасини юксалтириш, жарроҳлик амалиётлари сифатини жаҳон андозаларига етказиш имконини беришига ишончимиз комил.
Абдулла ҒОЗИЕВ.