ёхуд беморларнинг юрак мароми бузилишига тўсиқ қўйилмоқда
Тиббиёт - умуминсоний дунёвий илм ва амалиёт билан тараққий этади, йилма-йил инсон саломатлиги муаммоларига тинимсиз изланиш, тинимсиз ҳаракат билан ечимлар топиб беради. Дунёнинг қай гўшасида бўлмасин, мўъжизавий тиббий янгиликлар ҳайратона шарофати билан одамлар умрини узайтиришга хизмат қилаверади. Агар жаҳондаги шифокорлар илму амалиёт ютуқлари ва тажрибаларини бир-бирлари билан баҳам кўришаверишса, натижаси одамларни бевақт ўлимдан сақлайверади. Ҳаёт ҳаловатларидан бебаҳра қолишдек қисматни бошларидан аритаверади. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали шифокорларининг навбатдаги ҳамкори Грузиядан ташриф буюрган дунёга машҳур тиббиётчи бўлди.
Роин Роинович Реквава - тиббиёт фанлари доктори, Грузиядаги "American hospital" клиникаси юрак аритмияси кичик инвазив жарроҳлиги бўлими мудири. Айни маҳалда Қозоғистондаги Олма-ота ички касалликлар илмий-амалий тиббиёт клиникаси профессоридир. Изланувчан олим-шифокорнинг Америка Қўшма Штатларидаги Атланта кардиоаритмология институти битирувчиси, Буюк Ипак йўли давлатлари аритмологлари ассоциацияси раиси эканини ҳам алоҳида таъкидламоқ жоиз.
10 январь - душанба куни эрталаб ҳурматли меҳмон вилоят кардиология марказида ўзбекона удумга кўра нон-тузу гулдасталар билан тантанали кутиб олинди. Дастлаб анжуманлар залида марказ мутахассислари билан меҳмонни таништирув тадбири ташкилланди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев сўзга чиқиб, Президентимиз қўйган вазифаларнинг муваффақиятли бажарилишида жаҳон тиббиётчилари ҳамкорлиги, ўзаро тажриба алмашишлари муҳим аҳамиятга эга эканини эътироф этди. Хорижлик мутахассиснинг маҳорат сабоғи беморларни юқори самарали ва сифатли даволашга олиб келишига қатъий ишонч билдирди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов ҳамда вилоят кардиология маркази бош шифокори Солижон Мўминов томонидан ҳурматли меҳмонга бухороча зар чопон ва Чуст дўпписи кийдирилди.
- Кўрсатилган юксак иззат-эҳтиром учун беҳад хурсандман, - деди зўр мамнуният билан Роин Роинович, - мени ҳам худди ўзбек фарзандларидек кийинтириб қўйдиларинг. Меҳмонни самимий равишда сийлашларингга сира ҳам гап йўқ. Дўстона ҳамкорлигимиз ҳамиша давомли бўлишини истайман. Бугунги кундан ғоят самарали фойдаланиб қолишга ўзимни бурчли ҳисоблайман. Ҳам сизлардан ўрганаман, ҳам ўзим бор билим ва амалиёт бўйича ўзлаштирган малака-маҳоратимни ҳеч аямай сизларга ўргатаман.
Шундан кейин давра суҳбати уюштирилди. Аввало, филиал раҳбари Солижон Жалилович меҳмонни жамоасида олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Қизғин савол-жавоблар юрак хасталикларини энг янги юқори технологик амалиётлар орқали даволашга бағишланди. Профессор марказ врачларининг ўз соҳалари бўйича бажараётган даволаш усулларига, илм-фан ютуқларини дадил қўллашдаги фаолликларига юксак баҳо берди. Мароқли мулоқот якунида ўзаро ҳамкорлик Меморандиуми имзоланди.
Одатига кўра, меҳмон эгнига шифокорлик халатини кийгач, гўёки мезбонга айланди қолди. Палаталарга кириб, йигирмага яқин хастаҳол ётганларни тиббий кузатувдан ўтказди, зарур чоғда ҳамкасбларига қимматли тавсиялар, беморларга фойдали маслаҳатлар берди.
Куннинг иккинчи ярмидан бошланган операциялар алламаҳалгача давом эттирилди. 5 нафар дардманд грузин мутахассиснинг сеҳрли қўллари шарофатидан йиллаб қийналиб юрган муаммосидан бутунлай қутулди, десак асло муболағага йўйманг.
Чунончи, ўн уч ёшли Саидмуҳаммад Собитхоновда юрак ичи электрофизиологик текшируви ва томирдаги тугун ортодром тахиакардияси радиочастотали абляцияси муваффақиятли якунланди. Қирқ етти ёшли Муҳаррам Маматхонова, ўттиз тўқиз ёшли Машҳура Мухторова, йигирма олти ёшли Дилфуза Усмонова, ўн тўққиз ёшли Қобилжон Абдураимовда ҳам худди шундай жарроҳлик амалиётлар моҳирона бажарилди.
Эътибор берган бўлсангиз, ҳар бир беморнинг ёшини аниқ келтириб ўтдик. Бундан мақсад юрак маромининг бузилишидан шу пайтгача ҳаётига кўп бор хавф туғилиб келаётган беморларнинг кекса эмаслигини таъкидлашдир. Инфаркт ва бошқа инсон умрига нуқта қўювчи юрак хасталикларининг ёшаруви бугунги кардиожарроҳларни ташвишга солибгина қўймай, тезда сўнгги энг мақбул чораларни қўллашга мажбурлаётгани аччиқ ҳақиқатдир. Намангандаги марказнинг рентгенэндоваскульяр хирургия бўлимида интервенцион кардиологлар деярли жароҳатсиз жарроҳлик амалиётлари малакасини янада мукаммаллаштириш имкониятига эга бўлишди. Бўлим мудири Акмалжон Жалилов, врачлар - Саидбек Гулямов, Абдурауф Обидов, Аброр Абдуллаев ва Миржалол Юсуповлар юрак маромининг мураккаб бузилишларида радиочастотали абляция амалиётини бу гал грузиялик ҳамкасби, профессор Реквава Роин Роинович билан ёнма-ён туриб бажаришди.
Юрак - инсон ҳаётининг ягона таянчи, тирикликни таъминловчи, қонимизни танамизнинг керакли жойларига ҳайдовчи "мотор". Унинг томирларда чалғимаслиги туғма тўкислигига боғлиқ. Мабодо, томир тизимларида аслан ва наслан, ҳатто орттирилган салгина носозлик юзага келса, умр чироғи эрта сўниши эҳтимолини кучайтиради. Хоҳ туғма, хоҳ орттирилган бўлсин, бундан фориғланиш ғоят мураккаб жараён. Аммо, замонавий тиббиёт заҳматкашлари шундай энг нозик амалиётнинг уддасидан бемалол чиқишаётир. Бу - ҳаётбахш маолажалар мўъжизаси. Бу - истиқболли ислоҳотлар натижаси. Оқ халатли нажоткорлар ҳар қанча таҳсинларга лойиқ! Инчунин, танани кесмай, ёрмай, мошдеккина туйнук орқали "кириб борадиган" жонсиз асбобларни "уддабурон" "хирург"дай ишлатишнинг ҳадисини олишган интервенцион кардиологларни ҳеч шубҳасиз давримиз қаҳрамонлари сифатида ҳар қанча олқишласак оз. Айниқса, "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили"да.
Содиқ САЙҲУН.
Ҳотамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.