Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Шавкат Абдуразоқовнинг соғлиқни сақлаш тизимида фаолият олиб бораётган

фаоллар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мажлислар залида кечган мулоқотда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 9 ноябрь куни юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан бўлган ҳамда 10 декабрь куни эндокринология хизматини такомиллаштириш ва қамровини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтган видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган муҳим вазифалар, шунинг­дек, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, тизимдаги ишларни янада ривожлантириш истиқболлари ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўллари хусусида фикр юритилди.

Вилоят раҳбари учрашув аввалида соғ­лиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, тиббиёт муассасалари моддий-техник имкониятларини яхшилаш борасидаги эзгу амалий ишлар, хорижлик ҳамкорлар билан рўёбга чиқарилиши кўзда тутилаётган лойиҳалар ҳақида атрофлича тўхталди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йилнинг 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида белгилаб берилган вазифалар ижроси туфайли вилоят тиббиёт тизими учун давлат бюджетида назарда тутилган маблағлардан ташқари қўшимча 100 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, вилоят маҳаллий бюджетидан аҳоли саломатлиги учун 44 миллиард сўм йўналтирилди.

Бунинг натижасида, биргина шаҳар ва туманлардаги даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишлари учун 30 миллиард сўм, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига энг сўнгги тиббий ускуналар учун 50 минг доллар маблағ сарфланди.

Чекка ва олис ҳудудларда янги 10 та оилавий шифокорлик пунктлари ташкил этилди. Оналик ва болаликни муҳофаза этиш ишлари сифатини ошириш мақсадида янги туғруқхона қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, анчадан бери эътиборсиз қолиб келган 2-сонли туғруқ мажмуаси капитал реконструкциядан чиқарилди.

Юрак-қон томир касалликларига чалиниш ҳолати бўйича Республика миқёсида ёмон кўрсаткич қайд этилганидан келиб чиқиб, айни кунларда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалига энг сўнгги тиббий жиҳозларни олиб келиш юзасидан австриялик ҳамкорлар билан 10 миллион долларлик лойиҳа якунига етказилмоқда. Ушбу режа амалга ошиши билан ушбу шифохона Фарғона водийсида ягона марказга айланиб, барча 165 хил турдаги тиббий амалиётларни бажариш имкони туғилади.

- Халқимизни тиббиётдан рози бўлиб яшаши учун Президентимиз томонидан барча имконият ва шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Янги шифохоналар қурилмоқда, соҳага замонавий ускуналар келтирилмоқда. Лекин бу билан олдимизга қўйилган мақсад-вазифаларга эриша олмаймиз, - деди вилоят ҳокими Шавкат Абдуразоқов.

- Бу кадрлар билан боғлиқ муҳим масала, яъни шифокор ва ҳамшираларимизнинг малакаси ҳамда ўз ишига бўлган садоқатига бориб тақалади. Тиббиёт ходимларини керак бўлса, чет эл давлатларига бориб, тажриба оширишларига амалий ёрдам кўрсатилади. Зеро, беморларимиз дардларига шифо излаб, пойтахтга ёки хориж давлатларига кетиб қолишмасин.

Учрашувда кейинги пайтларда айрим шифо масканларида, айниқса, туғруқхоналарда коррупция ва таъмагирлик билан боғлиқ ачинарли ҳолатлар кўпайганлиги, бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани қаттиқ танқид остига олинди.

Вилоят раҳбари бу ҳақида тўхталар экан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддиларига тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан биргаликда тиббиёт соҳасини коррупциядан ҳоли тизимга айлантиришга қаратилган профилактик тадбирларни кучайтириш юзасидан топшириқлар берди.

Мулоқотда Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи Абдумалик Раҳмонов, вилоят санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармаси бўлим мудири Нилуфар Аҳмедова, Норин тумани тиббиёт бирлашмаси лаборатория врачи Дилфуза Йўлдошева, Янгиқўрғон туманидаги 62-оила поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Насиба Раҳмонова, Наманган шаҳар марказий шифохонасининг бош акушер-гинекологи Зарифа Қосимова, тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирзо Нурматов ва бошқалар аҳолига лаборатория хизматларини марказлашган ҳолда кўрсатишни йўлга қўйиш; патронаж ҳамшираларини планшетлар билан таъминлаш; Наманган давлат университети қошида санитария-гигиена факультетини очиш; аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғибот қилишда маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари ва спорт йўриқчилари билан ҳамкорликни кучайтириш; шифокорларга иш самарадорлигига қараб иш ҳақларини тўлаш механизмини жорий этиш; тиббий хизматларни кўрсатишда хусусий сектор салмоғини ошириш сингари соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ҳамда ташаббуслар билдирди.

Маълумки, келаси йилнинг январь ойида соғлиқни сақлаш соҳасида ечимини кутаётган масалаларга ижобий ечим топиш мақсадида Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти ташкил этилади. Вилоят ҳокими тегишли мутасаддилар олдига ушбу муҳим тадбир олдидан шаҳар, туманлардаги, айниқса, чекка қишлоқ жойларидаги муаммоларни ўрганиш ҳамда улар асосида аниқ таклифлар ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг жорий йилда Наманганга ташрифлари чоғида берилган топшириқлардан келиб чиққан ҳолда, Республикадаги мавжуд 17 та ихтисослаштирилган илмий амалий тиббиёт марказларининг барча филиалларини очиш, бунда энг аввало, аҳолининг катта эҳтиёжи сезилаётган травматология, кўз касалликлари ва урология йўналишларида янги тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишга киришиш лозимлигини уқтирилди.

Амалий мулоқот якунида, хорижий давлатлар, хусусан, Россия Федерацияси, Беларусь, Грузия ва Туркия мамлакатларидаги етакчи тиббиёт марказларига тажриба алмашишга юборилаётган 16 нафар ёш мутахассисга 215 миллион сўм миқдоридаги тўлов сертификатлари тантанали равишда топширилди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

ЎзА.

Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ

олган суратлар.