Йиллар, йиллар - бирин ва кетин

Ўтаверар вақтни сарҳисоб айлаб.

Инсон борки, мудом яшайди бетин,

Орзу-умидларни кўнглига жойлаб.

Дарҳақиқат, зоти шариф қавм ҳисобланмиш одам учун вақтнинг, янаям аниқроғи лаҳза, дақиқа, соат, кун, ҳафта ва ойларнинг қадри ўзгача.  Шундан инсонни бахту омад тарк этмайди. Ҳамма ўз нияти ва ҳаракатига яраша сийланади. Чунки, вақт - бу имконият. Уни бекор ўтказиш имкониятини қўлдан бой бериш билан баббаравар. Буни тиббиёт ходимлари янада яхши билишади. Ахир тириклик офати бўлмиш касалликларни барвақт аниқлаш, уларни асоратларсиз беморлар танасидан кетказиш ўз мавридида, ўз ўрнида даволаш чора-тадбирларига боғлиқ-да.  Декабрь ҳам охирлаётган бир паллада йил давомидаги - ўн икки ойдаги ишларга назар ташласак, тиббиётчилар халқ саломатлигини сақлаш мақсадида кеча-кундуз беминнат хизмат қилганликларини кўрамиз. 2021 йилда ўз номига яраша - Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида изчил ва самарали ишлар қилинди, дейишга тўла ҳақлимиз. Инчунин, бу борадаги Президентимизнинг қатор қарор ва фармонлари ижроси боис кенг кўламли дастур амалга айланди. Энг муҳими, юксак талабларга яраша шароит ва имкониятлар яратиб берилди. Президентимизнинг 2020 йилнинг 29 декабридаги Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномаси тиббиётчиларнинг барча катта-кичик  жамоа­сида ҳар қачонгидан кўра ҳам юксак масъулият ҳиссини уйғотиб юборган эди. Ана шу масъулият ҳисси йил мобайнида ҳеч кимни тарк этмади.

Даставвал "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" деган  эзгу ғоя асосида мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамини муносиб нишонлаш иштиёқи саломатлик посбонларига янгича куч-ғайрат бағишлаб турди. Республикамиз бўйича ўтказилган " Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" акцияси наманганликлар учун ҳам айни муддао бўлди. Очиғини айтганда, шифокорларни халқ билан янада яқинлаштирди. Энди бемор врач ёки ҳамширани излаб юриши ўрнига тиббиётчиларнинг ўзлари беморлар ҳузурига шошилишди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларидан тортиб, пойтахтдаги турли ихтисосликдаги  илмий-амалий марказларнинг раҳбару ходимларигача Наманганга меҳмонга эмас, бирга-бирга фаолият юритишга келишди. Бемор ва шифокор орасидаги олис масофаларга маълум даражада барҳам берилди. Одамларнинг тану жонини азоблаётган турли дардларни тезроқ чекинтиришнинг энг мақбул ва энг самарали усулларидан фойдаланишга киришилди. Тиббий кўрикдан бошланган акция, беморда аниқланган хасталикни даволаш, агар мураккаб технологик операция столига ётқизишга тўғри келса, уларни беморларнинг иқтисодий ҳолатига қараб, бепул бажариш амалиёти жорий қилинди. Бу билан қанча-қанча хонадонларга бир олам қувонч бағишланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. "Президентимизга миннатдорлигимизни етказиб қўйинглар" деган эди 19 йилдан буён иккала чаноқ сон бўғим суягининг емирилиши касаллигидан азият чекиб келган Наманган шаҳрилик Дилбархон Қодирова. Бундай мамнунлик руҳидаги сўзлар юзлаб, минглаб кишиларнинг тилларида янгради ва янграйверади.

Йилнинг яна бир муҳим янгилиги - Республикадаги илмий-амалий марказларнинг деярли барчаси Наманганда ўз филиалларини очгани бўлди. Вилоятимиз аҳолисига кўрсатилган бундай ғамхўрликлар туфайли бемор ва ихтисослашган шифохоналар ўртасидаги узоқ масофа қа­рийб уч юз километрга қисқартирилди. Халқ манфаатининг устуворлиги тамойили шарофати билан қилинган ижобий ўзгаришлар бир йилдаёқ қанча-қанча беморларни машаққатдан, озордан, қолаверса, ортиқча сарф-харажатлардан қутқармоқда. Қатор-қатор мураккаб юрак операция­лари ўтказилди. Инсон аъзолари трансплантациясига дадил киришилди. Бирин-кетин буйрак кўчириб ўтқазиш амалиёти муваффақиятли уддаланмоқда. Бу - инсонлар ўлим чангалидан қутқариб қолинмоқда, уларнинг умрига умр қўшилмоқда деганидир, албатта.

Яна бир шиор - "Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмайди" тиббиётчиларнинг астойдил саъй-ҳаракатлари туфайли домий амалиётга айланиб улгурди. Натижада уйда ётиб қолганларнинг ҳолидан хабар олиш тизимли йўлга қўйилмоқда. Кечагидек эсимда. Йилнинг биринчи чорагида Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, олий тоифали аллерголог Хушнудбек Аҳмедов билан Мингбулоқ туманининг Меҳнатобод маҳалласида бўлганимизда бу мутахассис ёнидаги бош­қа ихтисосликдаги ҳамкасблари билан биргаликда кўпдан-кўп беморларга сурункали касалликлар "гирдоби"дан чиқиб кетишга нафдор маслаҳатлар берганида аст­ма­дан қийналаётган ёшу қариларга саломатлигини тезроқ тиклаш умидини бахш этди. Мана, кекса отахон Муҳаммадали Ўриновнинг эътирофлари: "Уйимизга пойтахт­дан келиб, соғлиғимизни текшириб, зарур муолажалар белгилаб бераётган врач-мутахассислар асло камлик кўришмасин. Кампирим Гулжамол мия инсультини бошдан кечириб, уйда ўн йилдан бери ўтириб қолган эди. Бугун жуда керакли маслаҳатлар олдик. Узоғимизни яқин қилдиларинг. Президентимизга бизни ўйлаб чиқараётган қарор ва фармонлари учун мингдан-минг раҳматлар айтамиз!"

Бугун ким билан гаплашманг, кўпроқ оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктлари фаолиятидан хурсандлигини айтади. Эътирозлар эса муттасил камайиб бормоқда. Ҳар бир оила хатловдан ўтган. Қайси оиладагиларнинг қандай касалликка мойиллиги борлигиям аниқ. Улар тўрт гуруҳга ажратилган. Даволаш, соғломлаштириш ва эмлашлар доимий назоратда. Президентнинг 2020 йил 12 ноябрдаги «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари  фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» ПФ-6110-сонли Фармони ижроси  2021 йилнинг муваффақиятларини таъминловчи асосий омил ролини ўйнаб келмоқда, десак ҳам асло янглишмаймиз.

2019 йили пайдо бўлиб, 2020 йили авжига чиққан коронавирус пандемиясининг ёйилиши 2021 йилда кескин пасайтирилди. Лекин, ҳамон тугатилгани йўқ. Хавф орт­да қолди, деб хотиржамликка берилиш сира-сира мумкин эмас. 1 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланди. Шундан сўнг эмлаш тадбирига қатъий ўтилди. Вакциналар таъминотига тўкислигига эришиб борилди. Бунинг самараси коронавирусга чалинаётган беморлар сонининг тобора камайишида кўзга ташланмоқда. Бироқ, ҳали ҳануз дунёда коронавируснинг турли штаммлари юзаланаётганлиги пандемияга қарши эмланиш ва ҳушёрликни кучайтириш заруриятини туғдириб турибди. Коронавирусга чалинишнинг олдини олиш фақат шифокорларга эмас, бутун аҳолига ҳам дахл­дор масала эканини унутишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Саломатликка, аввало, соғлом турмуш тарзи билан ҳам эришиш мумкинлиги бугун ҳаммага аён ҳақиқат. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг Аҳолининг соғ­лом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими томонидан "Соғлом ҳаёт учун" дастурига танлаб олинган вилоятдаги 12 та маҳаллада йил мобайнида ташкилланган тадбирларнинг натижалари эндигина кўзга ташлана бошлади. Мазкур дастур бўйича қилинадиган ишлар ҳали бардавом. Чунки, дастурдаги вазифалар мавсумийлик эмас, мунтазамлилик касб этиши шарт.

Президентимизнинг 2021 йил 5 майдаги "Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги Фармони соҳа тараққиётидаги долзарб вазифаларга тааллуқли муаммоларнинг муваффақиятли ечими учун кенг имкониятлар туғдирди. Янги, ёш ва тажрибаси кам мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича даст­лабки дадил қадамлар ташланмоқда. Яхши биламизки, тармоқда ҳар жиҳатдан тараққиётни таъминламай туриб, аҳолининг тиббий хизматдан тўла ризолигига эришиш мумкин эмас, албатта. Шу боис,  Президентимиз томонидан жорий йил 25 майда қабул қилинган "Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг аҳамияти беқиёс. Мазкур қарордан мақсад соғлиқни сақлаш тизимида давлат бошқарувини такомиллаштириш, бирламчи бўғинни касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, соҳа ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш, тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш, рақобат ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тиббиёт ходимларининг билимини оширишдан иборат эди. Сўнгги етти ойда эса юқоридаги масалаларда анчагина ижобий ўзгаришлар ясалмоқда. Замондан, ҳаёт талабидан орқада  қолишга тобора барҳам бериляпти.

2021 йил сарҳисобидан кўнгилларда ҳам қувонч ҳислари, ҳам бундан-да яхшироқ ишлаш иштиёқи жўш урмоқда.

Ассалом, Янги йил!

Янги орзулар

Барчанинг кўнглини мунаввар этсин!

Янги Ўзбекистон аталмиш юртда

Ҳар бир инсон эзгу ниятга етсин!

 

Содиқ САЙҲУН.