Сенинг атрофингда соғлиғингни таъминлагувчи зукко ва моҳир шифокорлар бор
Ирвадондаги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази кичик беморларнинг катта нажотгоҳи ҳисобланади. Бу ерда бир неча бўлимлардаги аҳил жамоалар тиббиётнинг турли йўналишларида кеча-кундуз ҳормай-толмай меҳнат қилишади. Айниқса, Мусохон Обидов раҳбарлигидаги жарроҳлик бўлимида амалга оширалаётган ишлар чинакамига ҳайратли ва ибратли. Чунки, энг нозик ва мураккаб операциялар республикадан келаётган юқори малака ҳамда бой тажрибага эга хирурглар етакчилигида муваффақиятли бажарилмоқда. Ота-оналарнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлаётганини айтмайсизми. Бундай ғамхўрликлар янги Ўзбекистондаги беқиёс ислоҳотларнинг қувончли шарофатидандир, албатта.
"Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остида 5 декабрдан 25 декабргача ўтказилган навбатдаги ижтимоий акция доирасида тиббий амалиётлар деярли ҳар куни бир неча оиладаги бемор болаларга нажот бағишлади.
- Марказимизда тиббий хизмат кўрсатиш даражаси тобора юқориламоқда, - дейди бош врач ўринбосари Ҳошимжон Саидқулов. - Даволаниш шароитларининг созлиги, врачу ҳамшираларнинг етарли малакаси, Республика муассасаларидаги ҳамкасбларимизнинг ташрифлари беморларни даволаш самарадорлиги ва сифатини тобора ошириб бормоқда.
Дарҳақиқат, эндиликда наманганлик шифокорлар билан пойтахтдаги мутахассислар ёнма-ён туришибди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги болалар шифохонаси колопроктологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдурашид Жўраевич Ҳамроев билан биргаликдаги амалиётлар диққатга сазовор. Митти чақалоқларнинг орқа чиқариш органларидаги туғма нуқсонларни бартараф этишда изчил ижобий натижаларга эришилмоқда. Эндигина ёруғ олам юзини кўрган мурғак жонлар учун бу амалиёт ҳаёт-мамот, деган гап. Уларнинг тўлақонли яшаб кетишларига имкон яратиш - жарроҳларнинг тиғдаги " таҳрири"га боғлиқ бўлиб туради. Энг муҳими, бу ерда шу муаммоли ҳолатга тўғри ечим топилмоқда.
Масалан, Мавлудахон Мамадалиеванинг тўрт кунлик ўғилчаси (ҳали исм қўйишгаям улгурилмаган) "орқа тешик"сиз дунёга келган экан, 18 декабрь куни зудлик билан операция столига олинди ва дастлабки кесма чора-тадбирлар кўрилди. Ёш она Шаҳноза Нишонованинг гўдагидаги худди шундай туғма "камчилик" қўли енгил жарроҳлар томонидан тезда бартараф қилинди. Боланинг мунчоқдек кўзчалари очилиб, инғроқли овози тинди. Атрофдагиларга мўлтираб боқаётган чақалоққа қараб, дўхтирларга беихтиёр таҳсинлар айтдик.
Акция кунлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази нейрохирургия бўлими мутахассиси Шуҳратжон Шодиқулов ўн тўрт ёшли Билолхон Абдуқаҳҳоровни азобли бош оғриғидан фориғ этди. Унинг бош миясида ички қон қуйилиши юз берганди. Билолхоннинг чап чакка мияси ичидаги йирингли сурункали гематомаси олиб ташланди ҳамда дренажлаш амалиёти сифатли уддаланди. Тошкентдан келган мутахассисга Асрор Асқаров ёрдамчилик қилди.
Шунингдек, марказнинг травматология бўлимига ётқизилган беморларга ҳам тошкентлик олим-врачлар нажот бағишлашди. Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази ходимлари - Олимжон Жабборберганов ва Зафаржон Холовлар икки беморда туғма сон чаноқ чиқиғидаги амалиётни очиқ усулда ўтказишди. Бундан ташқари, кўкрак қафаси гирдобсимон деформацияларида умуртқа поғонасининг зарарланиш ҳолатларида консерватив амалий ёрдам юзасидан зарур тавсиялар беришди.
ВБКТТМда Тошкент тиббиёт-педиатрия институти катта ўқитувчиси Баҳром Очилов ҳам акциянинг учинчи ҳафтаси тадбирларида фаол қатнашди.
- Институтимиз жамоаси учун тез-тез Наманганда бўлиш, болаларни соғайтиришга кўмаклашиш анъанага айланиб бормоқда, - дейди Баҳром Аролович. - Аввалги икки ҳафта Зокиржон Худойбердиев билан Гулмира Носирова вилоят шаҳар ва туманларида тиббий кўриклар ўтказишган эди. Биз 3-, 4-гуруҳга дахлдор беморларнинг ҳолидан хабар олмоқдамиз. Наманган шаҳри ва Норин, Поп, Чуст, Тўрақўрғон,Косонсой туманларидаги кўрикларимизда кўплаб ота-оналарнинг фарзандлари соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга ечим топишга ёрдамлашдик. Болаларнинг соғлом ўсишлари юзасидан зарур маслаҳат ва тавсияларимизни бердик.
Бизнинг юртимизда болаларнинг жисмоний ва ақлий баркамол улғайишлари тўғрисида муттасил ғамхўрлик қилинар экан, баркамол авлодни вояга етказиш борасида йилма-йил кўзланган баланд марралар шубҳасиз эгалланаверади.