Аввал хабар берганимиздек, бутун мамлакатимизда бўлгани каби, вилоятимизда ҳам "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остидаги саломатлик акциясининг иккинчи босқичи муваффақиятли якунланди. Дастлаб республика ва вилоятдаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларининг етук ҳамда малакали мутахассислари ҳудудларга чиқишиб, саломатлигида муаммоси бор фуқаролар орасидан юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказишга муҳтож кишиларни танлаб олишган эди. Кейин эса вилоятимиздаги ихтисослашган даволаш муассасаларида уларни соғломлаштириш чоралари кўрилди.
Тиббиётчи олимлар, соҳанинг етакчи мутахассислари томонидан мураккаб жарроҳлик амалиётлари олиб борилди. Бинобарин, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида қисқа вақт ичида ўнлаб юқори технологик амалиётлар муваффақиятли якунланди. Нейрохирургия бўлимида операциядан сўнг соғайиш босқичини ўтказаётган норинлик Абдураҳим Юсупов бош миясидаги ўсимтадан фориғ бўлганидан жуда ҳурсанд.
Нейрохирургия бўлими мудири Абдужалил Нурматовнинг маълум қилишича, беморда ўта қийин ва мураккаб жарроҳлик амалиёти Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ходими, тиббиёт фанлари номзоди Жалолиддин Бобоев раҳбарлигида олиб борилди.
- Касалликдан жуда ҳам азоб чекаётган эдим. Шифокорларга минг раҳмат. Дарддан халос бўлдим. Яхшиям акция ташкил этилибди. Имтиёзли даволаниш имкониятига эга бўлдим, - дейди у.
- Бир ҳафта давомида қатор юқори технологик жарроҳлик амалиётлари кетма-кет ўтказилиб, 10 нафардан зиёд бемордаги бош мия ўсимталари, калла суяк туғма нуқсонлари ва орқа мия ҳажмий жараёнларини бартараф этишга муваффақ бўлинди, - дейди бўлим мудири А.Нурматов.
Урология бўлимида даволанаётган уйчилик Ҳабибулла ота Гулматовнинг ҳам шодлиги чексиз. Чунки, яқинда қарияда ва яна бир хастаҳол - янгиқўрғонлик Исоқжон Йўлдошевда ўтказилган янги турдаги жарроҳлик амалиётлари самараси ўлароқ беморлар бугунга келиб соғая бошлаган эдилар. Мамлакатимизнинг таниқли жарроҳларидан бири, республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Фурқат Носировнинг маҳаллий ҳамкасблари билан ҳамкорликда олиб борган инвазив амалиёт эндоурологик усулда бажарилганди.
Марказ бош врачи ўринбосари Оқилжон Ўринбоев ва бўлим мудири Сайфиддин Мамадалиевлар билан палатага кирганимизда даволовчи врач Баҳодир Ражаббоев Ҳабибулло отанинг операциядан кейинги ҳолатини кўзда кечираётган эди. Шифокорнинг айтишича, беморнинг аҳволи яхши. Соғайиш жадаллашмоқда.
- Давлатимизга раҳмат. Эҳтиёжманд инсонлар манфаатини ўйлаб, кўрсатилаётган ғамхўрлик доираси кенгайиб бораётганлигидан жуда ҳам мамнунмиз. Халқ сиҳат-саломатлиги учун қайғураётган, биздек муҳтожларни қўллаб-қувватлаётган Юртбошимиз ҳам омон бўлсинлар, - деди отахон дуога қўл очар экан.
Бундай эътирофлар акция доирасида кўрсатилаётган юқори малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлаётган ҳар бир беморнинг дилдан ўтаяпти, десак асло муболаға эмас. Зеро, инсон қадрини улуғлаш, эл соғлиғини мустаҳкамлаш борасидаги хайрли ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётганлиги айни ҳақиқатдир.