Юксалиш - Давлатободнинг қад ростлаётган янги массиви. Ҳудудда қуриб битказилаётган кўпқаватли тураржойлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Ўз-ўзидан аҳоли сони ҳам. Навқирон гўша аҳлига 15-оилавий поликлиника жамоаси тиббий хизмат кўрсатади. Яқинда мазкур муассасада бирламчи бўғин ишини янги поғонага кўтариш масалаларига бағишланган кўргазмали анжуман бўлиб ўтди. Яъни, чуқурлаштирилган тиббий кўрикни поликлиникада самарали ташкиллаш амалий равишда кўрсатилди.
Мазкур тадбирдан мақсад ҳудудда тиббий хизмат даражасини янада яхшилашдан иборат эди. Шу боис ҳам поликлиника биноси ва атрофи эрталабданоқ соғломлаштириш майдонига айлантирилди. Кўчада "Мобил поликлиника" ва кўчма рентгент қурилмаси фуқаролар саломатлигини текширувдан ўтказди. Ичкаридаги барча хоналарда эса ВКТТМ, ВБКТТМ, РИКИАТМ Наманган филиали, вилоят эндокринология диспансери, вилоят перинатал марказидан сафарбар этилган ўттиз нафарга яқин тор соҳа мутахассислари чуқурлаштирилган тиббий кўрик олиб боришди.
Кардиологлар беморларни қабул қилаётган хонадамиз. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази болалар кардиологи Фарруҳ Муқимов бир ярим яшар Муҳаммадюсуфнинг соғлиғини кўздан кечирар экан, ҳолат қониқарли эканлигидан кўнгли таскин топди. Шундай бўлса-да беморнинг онасига зарур тавсияларни берди.
- Кичкинтой юрак туғма нуқсони билан дунёга келган. Унинг соғлиғи доим назоратимизда. Яқинда пойтахтимизда, Болалар миллий тиббиёт марказида мураккаб жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган. Ҳозир саломатлиги анча тикланибди, - дейди Ф. Муқимов.
- Шифокорлардан беҳад миннатдормиз. Фарзандимни ҳаётга қайтаришди. Бугун эса таниқли шифокорлар маҳалламизга келишганидан жуда қувондик. Ўғлимни тиббий кўрикдан ўтказишди, - дейди Жамилахон Болтабоева.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали интервенцион-кардиологи Миржалол Юсупов Абдулҳоди Кенжаевнинг юрагини текшириб кўриб, унда гипертониянинг 3-босқичи кузатилганлигини қайд этди ва беморга зудлик билан даволаниш юзасидан тавсиялар берди.
Кейинги йилларда юртимизда юрак қон-томир ва эндокринологик касалликлар ортиб бораётганлиги сир эмас. Давлатимиз томонидан бу ижтимоий муаммони ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Чуқурлаштирилган тиббий кўрик чоғида айна шу хасталикларни барвақт аниқлаш масаласига алоҳида урғу берилгани ҳам бежиз эмас.
- Бир соат ичида 15 нафар бемор қабулимга кирди. Икки кишида қандли диабет, бир кишида буқоқ касалликлари борлиги маълум бўлди. Аксарият фуқароларда ортиқча вазн аниқланяпти. Шунинг учун эндокринологик касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи тамойиллари, жисмоний фаоллик ва соғлом овқатланишга оид маслаҳатлар беряпмиз, - дейди вилоят эндокринология диспансери врачи Феруза Атавалиева.
Тиббий тадбир барчада катта қизиқиш уйғотди. Чунки, бу қадар кенг кўламли тиббий кўрик илк марта ташкилланди. Уни уюштиришда вертикал масъул этиб белгиланган вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси жамоаси фаоллик кўрсатди.
- Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул. Саломатлик куни муносабати билан маҳаллада яшовчиларнинг салкам бир ярим минг нафари тиббий кўрикдан ўтди, - дейди 15-оилавий поликлиника бош шифокори Дилфуза Исомиддинова. - 9 минг нафарга яқин одам хавф гуруҳи рўйхатида туради. Уларда юрак қон-томир ва эндокрин касалликларни бошидан кечираётганлар талайгина. Шунинг учун ҳам вилоятимизнинг энг малакали шифокорларини поликлиникамизга чорлаб, соғломлаштириш ишларини жадаллаштиряпмиз.
Бугина эмас, поликлиника ҳудуди эртадан кечга қадар соғлом турмуш тарзи тарғиботи маркази тусини олди. Бинога кираверишдаги озиқ-овқатлар кўргазмасида соғлом овқатланишга ундалган бўлса, кўрик чоғида шифокорлар билан суҳбатда ва радио орқали ўқиб эшиттирилган маърузаларда ҳам асосий эътибор саломатлик сабоқларига қаратилди.
Вилоятимизда "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остида акция уюшқоқлик билан ўтди. Юксалишда якунланган чуқурлаштирилган тиббий кўрик ана шу акциянинг узвий давоми эди. Кўплаб беморлар юқори технологик жарроҳлик амалиёти учун сараланганлиги ҳам шундан.