Ахир сўнаётган умид қуёши беморлар кўнглини яна чароғон этиб юбормоқда
"Мирзатиллаева Зарипахон, 1963 йили туғилган. Поп туманининг Марғизор қишлоғидан. Операция вақти: 14.12.2021 йил. Ташхиси: Ташқи ўт йўлларининг кистоз трансформацияси. Ҳамроҳ касаллиги: қандли диабетнинг 2-типи ўрта ҳол кечиву; юрак ишемик касаллиги-турғун зўриқув стенокардияси... Операция номи: Лапаратомия. Битишмаларни ажратиш, тубидан холесцистэктомия. Холедох кистасини резекция қилиш, ўт йўлларини ревизия ва санация қилиш. Шапилов бўйича тўсиқ қўйиш орқали бигепатикоеюностомия. Браун ЭЭА билан қорин бўшлиғини дренажлаш..."
Биз "Доктор-А" клиникаси хирургия бўлимида навбатдаги операция баёни билан танишдик. Кўринадики, салкам олтмиш ёшли аёлнинг дарди жуда оғир бўлган. Бироқ юқори малакали жарроҳларнинг мақсад сари ҳушёру чаққон ва аниқ ҳаракатлари бесамар кетмади. Орадан кўп ўтмай, Зарипахон Мирзатиллаева ўзини ҳаётга қайта келгандек ҳис эта бошлади. Бу- тиббиёт фанлари доктори, вилоят эндокринология шифохонаси бош врачи, мураббий жарроҳ Муҳаммад Ваққосовнинг хусусий клиникадаги ҳамкасблари - Толиб Мамадумаров ва Холида Исмоилова билан биргаликда амалга оширган навбатдаги мураккабу муваффақиятли амалиётининг ҳайратона шарофати эди.
Шундай лаҳзаларда ҳар бир инсон жоннинг ширинлигини, умрнинг бебаҳо ва бетакрор неъмат эканини дил-дилдан туяди. Мўжизакор қўллар соҳиби бўлмиш халоскорлар шаънини улуғлашга энг нодир сўзлар қидиради, беихтиёр тиллари дуоли бурроланади: "Мендек бир дардманднинг дардига малҳам қўйган, оғир ва танг аҳволдан қутқарган шифокорларнинг умрилари узун, мартабалари бундан ҳам улуғ бўлсин! Шундай дўхтирларни бизларга нажоткор қилиб йўллаган, кеча-кундуз халқининг саломатлигини ўйлаб, катта ислоҳотларга раҳнамо бўлаётган Президентимизга мингдан-минг раҳмат! Аллоҳим юртимизга ва Юртбошимизнинг ишларига ҳамиша ривож бераверсин!"
Ҳамкасблар томонидан беморнинг илтимосига кўра, видеотасвирга туширилган дуогўй аёлнинг муолажа олиб ётган ҳолдаги олқишларини компьютер мониторида кўриб, эшитаётган Муҳаммад Ҳабибовичнинг боши осмонга етди гўё. Инчунин, ўзининг билим ва малакаси билан одамларда тиббиётдаги изчил ўзгаришлар, янгиланишлар учун Президентга миннатдорчилик уйғотишга оз бўлса-да ўз ҳиссасини қўшаётганидан бағоят фахрланди. Қалбида "Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!" шиори остида ўтказилаётган ижтимоий акцияда ҳам, ўзи раҳбарлигидаги диспансерда ҳам, хусусий клиникада ҳам, туманларга чиқиб, тиббий кўрикда фаол иштирок этаётганидан ҳам мамнунлик туйди.
Эндокринология шифохонасининг жарроҳлик бўлимидаги юқори технологик, яъни ўта нозик, ўта мураккаб амалиётлар малакаси тобора мукаммаллашиб бораётган изланувчан ва қунтли мутахассисларнинг оддий ва муваффақиятли, якун топиши кафолатли юмушига айланиб бормоқда. Бўлим бошлиғи Ғайратжон Икромов ҳамкасблари Акмалжон Мамаджонов, Ривожиддин Зоҳидов билан биргаликда устознинг қўш қанотлари бўлиб қолишган, десак ҳам асло муболаға эмас.
Беморга меҳрли нигоҳ ва таскинли ширинсўз айтиш ҳадисини олган шифокорларнинг иши доимо ўнгидан келади. Танадаги дардни тезроқ қувиб чиқариш учун бемор ва шифокор ҳаракатлари бирлашсагина, кутилган натижага тезроқ яқинлашиш имкони туғилади. Қайси палатага кирмайлик, биз тушкун кайфиятдаги беморни учратмадик. Аксинча, халоскорларидан хурсанд, эртанги кунга умиди баланд, соғайиб кетишига ишончи мустаҳкам.
- Қизим Наргиза бир неча хасталикдан озор чекиб келар эди, - дейди янгиқўрғонлик Роҳатой Қамбарова, - 25 ёшга кирса ҳам қулоқларининг эшитиши паст, тилида тутилиш бор эди. Боз устига бўйнида буқоқ ҳосил бўлгач, аҳволи янада оғирлашди. Яхшиям Муҳаммад Ҳабибович ва у кишининг эпчил шогирдларига учрабмиз. Бир соатга етиб-етмай операция ниҳояланди. Бугун қизимнинг руҳияти аъло, мулоқотга киришишни уддалаяпти. Юзларида табассумни кўриб, шундай ҳолатга олиб келишган шифокорлардан миннатдор бўлмай бўладими. Халқ саломатлиги қайғусида яшаётган жамоанинг барча аъзосига кўпдан-кўп раҳматлар айтамиз.
Эндокрин хасталигига чалинган Одина Осимхўжаева Тошкентгача бориб даволаниб юрганига қарамай, ниҳоят шу ерда жонига оро киритишганини зўр мамнуният билан эътироф қилди. Касаллиги ички буқоқ экан-да. Жарроҳлар олиб ташлашгач, оғриқлар чекинибди, нафас олиши меъёрлашибди. Яшаш завқи вужудига қайтибди. Онаси Нилуфар Акрамованинг севинчи бир олам. Қизи ҳаётига чанг солиб турган ички буқоқни шифобахш тиғи билан олиб ташлаган шифокорлардан умрбод миннатдор.
Уйчи туманининг Ёркатай қишлоғидан келган бемор Мунира Нишонбоева шодлиги ичига сиғмай, беихтиёр дил изҳорини баён қилишга чоғланди.
- Бўйнимда қалқонсимон без бўртиб, буқоқ ҳосил қилган эди. Операция столига олишди. 18 декабрь - менинг ҳаётимда бўртма кистадан фориғ бўлган, бўйнимнинг аввалги соғлом ва чиройли кўриниши қайтган кун сифатида ёдимда қолди. Бундай тиббий амалиётнинг устаси бўлишган устозу шогирд хирурглар шаънига ҳар қанча олқишлар айтсак ҳам оз. Яна бу ердаги ҳамшира-ю, тозалик бекаларигача жуда тартибли иш юритишларини, мулойим муомилали эканликларини таъкидлашни истардим. Муолажалари ҳамирдан қил суғургандек беозор, боғламалари бежирим, тавсиялари беминнат. Ҳаммани бирдай яхши сўзлар билан сийлашларига, меҳр-оқибатларига сира-сира кўз тегмасин!
Биз ҳам уларнинг сўнгги тилакларига қўшиламиз, албатта.