Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мажлислар залида вилоятимиз шифокорларининг касбий малакасини оширишга бағишланган анжуман ташкилланди. "Терининг юқумли, паразитар ва венерик касалликлари ташхисоти мактаби" машғулотига умумий амалиёт шифокорлари, дерматовенерологлар ва врач-лаборантлар таклиф этилди.
Тадбирни Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази тери-таносил касалликлари эпидемиологик ҳолатни ўрганиш бўйича илмий лабораторияси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Эгамберди Эшбоев олиб борди.
Тошкент тиббиёт академияси умумий амалиёт врачлар малакасини ошириш кафедраси мудири, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Раъно Дадабоева "Оилавий шифокор фаолиятида бўғин синдроми: остеоартрит ва коморбит ҳолатлар" мавзуида маъруза ўқиди. Олима кекса ёшдаги кишилар, ортиқча вазнга эга инсонларни безовта қилаётган шу турдаги касалликларни самарали даволаш усуллари юзасидан "маҳорат дарси" ўтиб берди. Машғулот давомида асосий эътибор зарур дори воситаларидан оқилона фойдаланиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи талабларига риоя этилиши, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда соғлом овқатланиш тартиблари тарғиботига қаратилди.
Профессор Эгамберди Ҳусанович терининг паразитар касаллиги - қўтирни эрта аниқлаш ва олдини олиш бўйича маъруза қилди.
Анжуман қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича таниқли шифокорлардан қимматли маслаҳатлар олишди.